Коррупциядан қутилиш – емирилишдан қутилиш демакдир

05.10.2020 11:10:06

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикаси  прокуратураси билан ҳамкорликда ZООМ дастури орқали “Коррупциянинг олдини олиш мамлакат тараққиётининг гарови” мавзусида видеоконференция ташкил қилинди.

Тадбирда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва туман (шаҳар) Кенгаши ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси мутахассиси, партиядан маҳаллий Кенгашларига сайланган депутатлар, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси мутахассислари, «Ёш адолатчилар» қанотининг фаол аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Н.Қаипбергенов кириш сўз билан очди ва олиб борди.

Видеоконференцияда коррупцияга қарши курашиш масаласи бўйича давлатимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ёшларни таништириш, коррупциянинг асл моҳияти, унга олиб келувчи ҳолатлар, пора бериш, олиш ва воситачилик қилиш каби жиноятларнинг оғир оқибатлари ҳусусида сўз юритилди.

Жумладан, Қоракалпоғистон Республикаси Жиноий-ҳуқуқий статистика бўлими прокурори, иккинчи даражали юрист Р.Мамутов томонидан жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилаётганлиги таъкидланди.

Бу саъй-ҳаракатлар натижасида ҳозирги кунда аҳоли орасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топмоқда. Коррупция билан боғлиқ ҳолатлар тез-тез фош этилаётгани ва айбдорлар жазога тортилаётгани шунинг натижасидир.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари Р.Отарбаев жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориш Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий вазифаларидан бири эканлигини таъкидлади.

Тадбир давомида тегишли мутахассислар томонидан коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш ҳамда даромад топишда қонунга хилоф харакатлар олиб бориш яхшиликка олиб келмаслиги ва ҳар қандай жиноят жазосиз қолмаслиги  тўғрисида ҳаётий мисоллар билан тушунчалар берилди.

Зеро, коррупциядан қутилиш – емирилишдан қутилиш эканини барчамиз англашимиз шарт.

 Қизғин фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтган видеоконференцияда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олишга эришдилар.

 

Ажинияз ПАХРАТДИНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+