Коррупцияга қарши кураш - бош масала

04.10.2020 13:10:49

Кейинги ойларда Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган тумани Кенгаши партиявий лойиҳалар доирасида ўтказилаётган тадбирлар таъсирчанлиги ва самарадорлигини ошириш юзасидан изчил фаолият олиб бормоқда. Бунда партиямизга ҳамкор бўлган ташкилотлар вакиллари, турли соҳа мутахассислари ёрдамидан кенг фойдаланилмоқда. Айниқса, таълим муассасалари жамоалари билан ўзаро ҳамжиҳатлик яхши натижалар бераётир. Яқинда туман маркази - Тошбулоқдаги 21-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида ташкил этилган давра суҳбати ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Тадбир "Коррупциянинг олдини олиш - мамлакат тараққиёти гарови" мавзуига бағишланди.
- Биз мазкур давра суҳбатини режалаштириш жараёнида мактаб-интернат вакиллари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйдик, - дейди партия туман кенгаши раиси Бахтиёр Холмирзаев. - Директор Нилуфар Нўъмонова ёрдамида давра суҳбатини юқори даражада ўтказиш чораларини белгиладик. Педагогик жамоа раҳбарининг ўзи ҳам мавзуга доир маъруза билан чиқиш истагини билдирди. У таълим муассасаларидаги коррупция масаласига ўз муносабатини баён этадиган бўлди.
Белгиланган куни мактаб-интернат ўқитувчилари ва ходимларидан элликка яқин киши маънавият-маърифат хонасига тўпланди. Давра суҳбатини Ўзбекистон "Адолат" СДП вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Хожиматова бошлаб берди. У мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш кенг миқёсда авж олдирилганлиги, бу борада қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинганлигини айтиб ўтди. Мазкур йўналишда “Адолат” СДП ҳам ибратли ишларни амалга ошираётгани таъкидланди. Айниқса, партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни бажариш диққат марказида эканлиги қайд этилди.
Иштирокчилар “Адолат” СДП туман кенгаши раиси Бахтиёр Холмирзаев, педагоглардан Нилуфар Нўъмонова, Мирзохид Қурбонов ва бошқаларнинг фикр- мулоҳазаларини ҳам тингладилар.
- Мен мактаб-интернатда тарих ва ҳуқуқ фанларидан дарс бераман, - дейди муаллим Тўлқин Набиев. - Бугунги давра суҳбатидан барча касбдошларим қатори катта таассурот олдим. Коррупция, порахўрлик, таъмагирлик, бировларнинг ҳақига хиёнат қилиш оғир жиноят эканлигини ҳис этдик. Айни пайтда бундай зарарли ҳолатларга қарши кураш олиб бориш ҳар бир онгли фуқаронинг муқаддас бурчи эканлигини ҳам тушундик.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган
вилоят Кенгаши матбуот котиби 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+