Янгиликлар 4219
Коррупцияга қарши кураш – инсонийлик бурчи
Шиддат билан ривожланиб бораётган замон биздан огоҳлик ва ҳушёрликни талаб қилади. Айни дамда ушбу муҳим масалага масъулият билан ёндашиш олдимизда турган асосий вазифадир. Ўзбекистон “Адолат” СДП Шофиркон туман Кенгаши ходимлари ва депутатлари ҳар бир фуқарони огоҳликка, ҳушёрликка жалб этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган экан, жойларда олиб борилаётган бу тўғридаги тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Партиянинг туман Кенгаши ташаббуси туман Хотин-қизлар қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда туманда фаолият олиб бораётган мактабгача таълим муассасалари раҳбар-ходимлари учун “Коррупция – тараққиёт кушандаси” номи остида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда партия вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов сўзга чиқиб, бугунги кунда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, уларнинг фаоллиги, жамиятдаги ўрнини ошириш, ҳар қандай ишда масъулият билан ёндашган ҳолда салбий иллатларга қатъий курашиш лозимлиги тўғрисида таъкидлади.
Шофиркон туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигора Юлдошова эса ўз нутқида хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ва ажримларнинг олдини олишга барча бирдек масъул эканлигини таъкидлади. Шунингдек, бу борада туман миқёсида олиб борилаётган амалий ишлар, тарғибот ва ташвиқотларнинг натижалари хусусида айтиб ўтди. “Энг муҳими, оиладаги низолар бартараф этилса, ажримларнинг сони камаяди. Ҳар бир оила бошлиғи масъулият билан ёндашса, аёлларимиз салбий иллатларга қарши астойдил курашса, шубҳасиз, барча ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олди олинади”, - дейди у ўз маърузасида. Нотиқ мактабгача таълим муассасаси раҳбар-ходимларини бирдамликка, қонун доирасидан чиқмаган ҳолда фаолият олиб боришда, ўз вазифасини суистеъмол қилмасдан астойдил ишлашга чақирди.
Тадбир давомида сўзга чиққан Давлат хавфсизлик хизмати ходими Зохид Халиков “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида маъруза қилар экан, унинг салбий оқибатлари, унга қарши курашиш чоралари борасида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди. Шу билан бир қаторда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятига ҳам йиғилганларнинг эътибори қаратилди.
Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгаши депутати Ҳамрогул Ашурова коррупцияга қарши курашиш аввало ёшларнинг онгини маънавий жиҳатдан юксалтириш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини таъминлаш, салбий иллатларга қарши курашиш руҳида тарбиялаш зарурлигини қайд этиб ўтди. Фикр ва мулоҳазаларга бой ўтган тадбир сўнгида йиғилганлар учун қўйиб берилган видеоролик катта таассурот қолдирди.
Зулфия АШУРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Шофиркон туман Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг