Коррупцияга қарши кураш: муаммо ва ечим

17.06.2021 15:06:27

Шиддат билан ривожланиб бораётган замон биздан огоҳлик ва ҳушёрликни талаб қилади. Айни дамда ушбу муҳим масалага масъулият билан ёндашиш олдимизда турган асосий вазифадир. Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши ходимлари ва депутатлари ҳар бир фуқарони огоҳликка, ҳушёрликка жалб этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Партиянинг вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоят Ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган давра суҳбатида ҳам жойларда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида давлат ташкилотларининг ўрни, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни камайтиришда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жиззах давлат педагогика институти қошидаги “Сайилжой” академик лицейида “Коррупцияга қарши кураш: муаммо ва ечим” мавзусида ташкил этилган мазкур давра суҳбатида партиянинг вилоят Кенгаши ҳодимлари, вилоят ИИБ ва Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси маъсул ходимлари, халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни очиб бериш учун сўзга чиққан партиянинг вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Пўлат Ҳамзаев томонидан бугунги кунда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, уларнинг фаоллиги, жамиятдаги ўрнини ошириш, ҳар қандай ишда масъулият билан ёндашган ҳолда салбий иллатларга қатъий курашиш лозимлиги тўғрисида ўз фикрлар билдириб ўтилди.

Дархақиқат, тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли. Бугунги кунда коррупция нафақат кундалик ижтимоий муносабатларни издан чиқарувчи, балки давлатларнинг ичидан емирилишига олиб келувчи хавфли иллатдир. Коррупция давлатимизнинг ривожланишига ҳамда миллий хавфсизлигимизга таҳдид солади. Давлатнинг конституциявий асосларини хамда жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емиради, демократик институтлар ва қонун устуворлигини кучсизлантиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини жиддий тарзда бузилишига олиб келади.

Халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун нафақат масъул шахслар, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Бу фуқароларимизда коррупцияга, аниқроқ айтганда, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти, маданияти шаклланишига ҳам боғлиқ. Чунки ҳар қандай қонунбузарликлар содир этилишига, кўпайишига кўп ҳолларда ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлиб келмоқда. Барчанинг якдиллиги, юрт тақдирига дахлдорлиги кучайиши ҳар қандай иллатнинг батамом барҳам топишига хизмат қилади.

Шу билан биргаликда, маърузачилар томонидан коррупцияга қарши курашиш аввало ёшларнинг онгини маънавий жиҳатдан юксалтириш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини таъминлаш, салбий иллатларга қарши курашиш руҳида тарбиялаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Фикр ва мулоҳазаларга бой ўтган тадбир сўнгида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоблар олишди.

 

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

мутахассиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+