Янгиликлар 2109
Тараққиёт йўлидаги ғовга биргаликда курашамиз
Самарқанд Олимпия Спорт заҳиралари коллежида “Ёшларда коррупцияга қарши курашиш, фаол дунёқараш ва мустаҳкам фуқаролик нуқтаи назарни шакллантириш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатига вилоят Адлия бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят Ички ишлар бошқармаси, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, Самарқанд шаҳар маънавият маркази, партиянинг вилоят кенгаши ходимлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг фаоллиги, жамиятдаги ўрнини ошириш, ҳар қандай ишда масъулият билан ёндашган ҳолда салбий иллатларга қатъий курашиш, айниқса ёш авлодда адолатсизлик, қонунга ҳурматсизлик, порахўрлик, суиистеъмолчиликка қарши мустаҳкам иммунитет ҳосил қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДП аҳолининг барча қатламлари орасида, айниқса, ёшларда коррупцияга қарши муросасиз кураш маданиятини кучайтиришни муҳим деб ҳисоблайди. Партия коррупция билан курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигини эътироф этади ва ушбу иллатни таг–томири билан йўқотиш учун курашади.
Шунингдек, партия давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчилик нормаларининг бузилишига, уларнинг нотўғри ва ўзбошимчалик билан талқин этилишига, шунингдек, тўрачилик, расмиятчилик ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб боради. Бу борада жамиятда коррупцияга нисбатан мутлақо тоқатсизлик маданиятини шакллантириш, кенг оммага етказиш борасида самарали ишларни ташкил қилиб келмоқда. Хусусан, Адлия бошқармалари, Ички ишлар бўлимлари, маънавият ва маърифат марказлари, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа мутасадди идоралар ҳамкорлигида мунтазам равишда турли тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказиб келмоқда.
Тадбир маърузачилари томонидан таъкидланганидек, коррупция жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Шу боис коррупция ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш ҳар бир инсон, фуқаронинг бурчи бўлиб, уни бартараф этмай туриб ҳуқуқий демократик давлат қуриб бўлмайди. Бугун жаҳон сиёсатчилари, олимлар ва умуман, башариятнинг эртанги тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон томонидан терроризм, диний экстремизм, гиёҳвандлик, геосиёсий тўқнашувлар, экологик муаммолар, моддий ва маънавий инқирозлар қаторида коррупция ҳам энг хатарли воқелик сифатида тилга олинмоқда.
-Коррупцияга қарши курашишда нафақат мансабдор шахслар, балки фуқаролар ҳам фаоллик кўрсатиши талаб этилади. Уларнинг бу борадаги ҳуқуқий маданиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга, - дейди Самарқанд вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси раҳбари Шуҳрат Рузиев - Қонунийлик, очиқлик, шаффофлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, тизимлилик ва бошқа бир қатор сифатлар коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳисобланади. Мамлакатимиздаги бошқа ташкилотлари қатори партия вилоят кенгаши ҳамкорлигда тарғибот тадбирлари ўтказиш йўлга қўйилган.
Тадбир давомида коррупцияга қарши курашиш, ёшларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш бўйича қилинаётган ишлар, олдинда турган долзарб вазифалар, бу борада мутасадди идораларнинг масъулиятини ошириш масалалари хусусида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Зилола ДУСАНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд шаҳар Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг