Янгиликлар 1371
Коррупцияга қарши курашиш – барчанинг вазифаси
“Мардлар қўриқлайди Ватанни”. Ватан ҳимоясига шай инсонлар қалбида нафақат юксак меҳр-муҳаббат, шунинг баробарида имон-эътиқод, ҳалоллик бир сўз билан айтганда, инсоний фазилатларнинг бари жам бўлмоғи лозим. Ўсиб келаётган ёш авлод юрагида ана шундай эзгу хислатларни камол топтириш, келажагимиз эгаларини ўз юртига садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистонни коррупциядан ҳоли мамлакатга айлантиришда бирлашайлик” мавзусида илмий- маърифий, маданий тадбир ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, Академиянинг профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар, курсантлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Сўнгги йилларда юртимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг жамоатчилик, халқаро ҳамжамият вакилларини хабардор қилиш, белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этиш борасида мутахассислар фикр ва таклифларини ўрганиш мақсадида ташкил этилган мазкур анжуман, барча ташкилот ёшларида коррупцияга қарши курашиш фаол дунёқараш ва мустаҳкам фуқаролик нуқтаи назарини шакллантирадиган чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга қарши курашиш мавзусида ижтимоий тадбирларга ёшларни кенг жалб қилиш, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш мавзусида республика миқёсида танловлар ва мусобақалар ўтказишга қаратилган масалаларни муҳокама қилишдан иборат.
Тадбирни Академия бошлиғи ИИВ Академияси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Давранов Хусниддин Бахранович очиб, бугунги кунда коррупция фуқароларнинг ижтимоий адолатга, давлат органларига нисбатан ишончини сусайтиришини, давлатнинг иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатишини, қолаверса жамиятдаги маънавий муҳитни бузилишига олиб келиши хусусида тўхталиб ўтди.
Йиғилганларнинг асосий эътибори давлат раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган икки муҳим ҳужжат “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупция омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарорига қаратилди.
Тадбирда сўзга чиққан маърузачилар мамлакатда кўплаб соҳалар қатори коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришларни эътироф этган ҳолда, Ўзбекистон бу борада ўзига хос йўлни босиб ўтаётганини таъкидлади.
“Коррупцияга қарши курашишнинг энг самарали ифодаси- бу таълим. Инсон онги ўзгармас экан биз коррупцияга қарши кураша олмаймиз. Коррупцияга қарши кучли билим ва кўникмаларга эга етук шахсларгина ўз юрти, давлати ва жамияти равнақи, ёрқин истиқболи йўлида сидқидилдан хизмат қила олади”,-деди ИИВ Академияси Ҳуқуқий фанлар кафедраси профессори, полковник Қобилов Шариф Рахимович.
Тадбир давомида коррупцияга қарши курашишни янада такомиллаштириш, ривожланган мамлакатлар тажрибасини самарали қўллаш масалаларида ҳамда коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назоратини кучайтиришда биргаликда ҳаракат қилиш зарурияти ҳамда бунда коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг мақсади ва объекти сифатида алоҳида олинган коррупционер эмас, балки ушбу хатти-ҳаракатларни амалга оширишга шароит яратиб берувчи ҳолатларини бартараф қилиш ва профилактик олдини олиш чораларида намоён бўлишини англаган ҳолда ҳаракат қилиш лозимлиги таъкидланди.
Тадбир сўнгида коррупцияга қарши ҳуқуқий тарғибот тадбирларида фаол қатнашаётган бир гуруҳ ёшлар партия сиёсий Кенгаши томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
“Адолат”СДП
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг