Коррупцияга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир!

16.06.2021 11:06:31

Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан июнь ойи – “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилинди ҳамда бу борада тарғибот тадбирлари  янада кучайтирилди. Фарғона Жамоат саломатлиги тиббиёт институтида  бўлиб ўтган  “Коррупция –тараққиёт кушандаси” мавзусидаги тадбирда ҳам соҳа мутахассислари томонидан коррупция ва унинг салбий жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот бериш орқали талаба ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш билан бирга, уларнинг фикр, муносабатлари ҳам тингланди.

Коррупцияни бежизга  тараққиёт кушандаси деб атамайдилар. Турли соҳалардаги ривожланиш истиқболларига таъмагирлик йўли билан тўсиқ қўйилади. Ўзаро тарафкашлик, бош-бошдоқлик, билимсизлик ва келишмовчиликларнинг  урчишига олиб келади. Айнан бу иллатнинг таълим тизимида, инсон саломатлиги ва ҳаёти билан боғлиқ тиббиёт, юридик соҳаларда авж олиши чинакам фожеадир. Бу ўринда малакасизлик ва билимсизлик билан қилинган муолажаларда беморнинг эрта ҳаётдан кўз юмиши,  фуқароларнинг ҳуқуқлари поймол бўлишига олиб келиши мумкин. Кадрлар салоҳиятининг талабга жавоб бермаслиги эса ўз навбатида ўсиб келаётган келажак авлод билим салоҳиятига ўз таъсирини кўрсатади.  Нафақат таълим балки  барча соҳалардаги коррупция ҳолатлари инсон фаровон ҳаёти,  порлоқ келажаги, яшаш тарзи ва тақдири учун оғудир. Тадбир давомида  партиянинг вилоят кенгаши раиси ўринбосари  А.Умаров, вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Б.Тоҳиржонов, Халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгаши депутати Б.Аҳмадалиевлар сўзга чиқиб,  коррупцияга қарши курашишда мавжуд ҳуқуқий нормалар, жамоатчиликнинг аҳамияти, ёшларнинг роли мавзуларида  сўз юритдилар.  

– Миллий қонунчилигимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича куплаб ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд, – дейди вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Б.Тоҳиржонов. – Бироқ  бу иллатга қарши курашиш ҳар бир фуқаро, катталар ва ёшларнинг бирдек вазифасига айланмоғи лозим. Улар иш фаолияти, ўқув жараёни давомида ўзини намоён этадиган ҳар қандай кўринишларига шахсий позициясини билдириши, адолат мезонлари устуворлигини таъминлашга ҳаракат қилиши лозим. Шундагина самарадорлик янада сезиларли бўлади.

Тадбир давомида мавзу доирасида саволлар билан фаол иштирок этган институт талабаларига  партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+