Янгиликлар 2084
Коррупцияни бартараф қилиш йўлида
Янги Ўзбекистонда бугунга келиб коррупция билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш энг долзарб масалалардан бирига айланган. Шу ўринда “Коррупция ўзи нима?” деган саволга аниқлик киритиш лозим бўлади. Бу сўзнинг луғавий маъноси инглиз тилидан ўгирилганда “ишламайдиган, занглаган тизим” маъносини англатади. Бинобарин, коррупция – ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсига путур етказадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига даҳл қиладиган хавфли ҳодисадир.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонун, 2019 йилда Коррупцияга қарши курашиш давлат дастури қабул қилинган бўлса, 2020 йилнинг 29 июнида давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида мамлакатимизда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
Бизнинг “Адолат” социал-демократик партиямиз вакиллари ҳам жойларда коррупцияга муросасизлик муҳитини шакллантиришга қаратилган кенг чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Жумладан, “Бугун коррупциянинг олдини олмасак, эртага кеч бўлади” шиори остида маънавий-маърифий тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда, барча умумтаълим мактабларининг 6-11-синф ўқувчилари ўртасида “Биз коррупцияга қаршимиз!” мавзусида иншолар танлови ўтказмоқда.
Афсуски, жамиятимизда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни ҳалигача тўла шакллантира ололмаяпмиз. Фуқароларимиз онгида коррупциявий ҳолатлар одатий ҳолат, деган тушунча мавжуд эканлигини яқинда ўтказилган ёшлар ўртасидаги ижтимоий сўров натижалари ҳам кўрсатиб берди. Ушбу сўровномада иштирок этганларнинг 30 фоиздан ортиғи пора олиш ва беришни коррупция эканлигини билмаслиги аён бўлди. Яъни, улар учун бу одатий ҳолат. Ваҳоланки, пора олиш ва пора бериш коррупциявий жиноятларнинг оғир турларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцион ҳолатлар кўп қайд этилиши жиҳатидан энг юқори ўринда Қурилиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги турар экан. Бу маълумотлар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2020 йил давомида содир этилган коррупциявий ҳаракатлар таҳлили асосида шакллантирилган.
Агар кузатаётган бўлсангиз, мазкур мавзу ижтимоий тармоқларда ҳам кенг ёритилиб борилмоқда. Биргина қурилиш соҳасини олайлик. Таҳлилларга кўра, қурилиш учун ер ажратиш, танлов ва тендер ўтказиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш жараёнларида кўплаб коррупция ҳолатлари кузатилётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Жумладан, 2018-2019 йилларда республика миқёсида қурилиш соҳасида 142 миллиард сўм талон-тарож қилинган, қурилишга оид масалаларни ҳал этиш эвазига 1,6 миллиард сўм ва қарийб 1 миллион доллар пора олинган. Охирги икки йилда 1 минг 233 нафар шахс қурилишда коррупцияга йўл қўйиб, жавобгарликка тортилган. Масалан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Жиззах вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси маъмурий биносининг қурилиши юзасидан ўтказилган танлов ҳужжатлари ўрганилганида, бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари, шу жумладан, ҳужжатларни сохталаштирилгани аниқланган. Танлов комиссияси аъзолари қурилиш объекти бўйича танловда иштирок этган барча талабгорларнинг (“Qurilish ta’minoti” кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси, “Kamol” кўп тармоқли қурилиш корхонаси ва “Abduvohid Qurilish Ta’mir” МЧЖлар) 100% улуши танлов комиссияси раиси, вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари А.Раҳмонқуловнинг яқин қариндошларига тегишли бўлганини била туриб, бунга бирон-бир қонуний муносабат билдирмаган ва баённомага бу ҳақдаги маълумот киритилмаган. Юқоридагиларнинг натижасида танловда ноқонуний ғолиб бўлган “Qurilish ta’minoti” кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси томонидан маъмурий бинонинг қурилишида бажарилмаган 1 млрд. сўмга яқин қурилиш ишларини тўловга асос бўлган ҳужжатларида қўшиб ёзиб киритиб, шу миқдордаги давлат бюджети маблағлари талон-торож қилинганлиги маълум бўлган. Афсуски, бошқа соҳаларда ҳам ислоҳотларимизга ғов бўлаётган коррупция ҳолатига оид бундай мисолларни ОАВ мунтазам эълон қилиб бормоқда.
Ўзбекистондаги ислоҳотлар натижаси халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, “Transparency International” коррупцияга қарши курашиш халқаро нодавлат ташкилоти Коррупцияни қабул қилиш индексининг 2020 йил рейтингига мувофиқ, Ўзбекистон ўз ўрнини 7 поғонага яхшиланиб, 180 давлат орасида 146-ўринни эгаллади (2019 йилда 153-ўрин).
Буни хориждаги бизга дўст мамлакатлар ҳам очиқ эътироф этмоқда. Масалан, Ҳиндистоннинг “Wion” интернет нашри томонидан “Ўзбекистон барқарор ва яшил иқтисодиёт сари қадам ташламоқда” номли мақолада мамлакатимиздаги муҳим ислоҳотлардан бири сифатида коррупцияга қарши курашиш йўналишига эътибор қаратилган.
Ҳозирча жамиятда, аксарият фуқароларимиз онгида бутун дунёда, жумладан, мамлакатимизда ҳам чуқур илдиз отиб улгурган ушбу иллатнинг туб моҳияти лозим даражада англашилмагандек, назаримда.
Шундай экан, коррупцияга қарши курашиш биргина ҳуқуқ-тартибот идоралари, жамоат ташкилотлари, шу жумладан, сиёсий партиялар, ОАВ вакилларининггина эмас, балки ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлмоғи лозим. Зеро шундагина жамиятимиз тараққиётига ғов бўлаётган иллатдан ҳоли бўламиз. Зеро бу курашда барчамиз, Сиз - азиз ватандошлар бизга, биз сизларга камарбаста бўлайлик. Янгиланаётган – Янги Ўзбекистонда коррупцияга ўрин йўқ!
Равшан ДАСТИРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Чирчиқ шаҳар Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгши депутати
Фикрингизни қолдиринг