Янгиликлар 1661
Коррупциясиз келажак тарафдорлари
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашида «Ёшлар - коррупциясиз келажак тарафдори!» шиори остида иншолар танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш тадбири ўтказилди. Тадбирда дастлаб, болаларнинг севимли ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев хотирасига ҳурмат бажо келтирилиб, бир дам сукут сақланди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси Шерзод Каримов сўзга чиқиб, самимий ва дилкаш инсон, адиб ҳақида самимий фикрларини билдирди ҳамда иншолар танловида ғолибликни қўлга киритган барча ўқувчиларни муваффақият билан табриклади.
Ўзбекистон "Адолат" СДП Фарғона вилоят Кенгаши томонидан вилоят халқ таълими бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур танлов ўқувчи-ёшларнинг онгига коррупциянинг жамият ривожига салбий таъсирини содда ва тушунарли қилиб етказиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий билимини шакллантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Танлов вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари умумтаълим мактаблари, ихтисослаштирилган ва маҳсус мактабларининг 10-, 11-синф ўқувчилари ўртасида уч босқичда яъни жорий йилнинг февраль ойида мактаблар босқичи, март ойининг 1-2 декадаларида туманлар босқичи, март ойининг 3-декадасида эса вилоят босқичи ўтказилди.
Комиссиялар таркибига киритилган ҳудудий халқ таълими бўлимлари йўриқчилари, ҳудудий Ёшлар иттифоқи етакчилари ҳамда жамоатчилик вакиллари, мактабларда эса, она тили ва адабиёти фани йўналишидаги салоҳиятли ўқитувчилар, йўриқчилар, таълим соҳасида кўп йиллар хизмат қилган тажрибали устозлар, ёшлар етакчиларидан таркиб топган ишчи гуруҳ танловга тақдим этилган ижодий ишларни имло хатоларисиз ёзилганлиги, иншо мазмуни, фикр теранлиги, чиройли ҳуснихати, ўқувчининг ижобий ёндошувига қараб баҳолаб бордилар.
Иншолар танловида вилоятдаги 939 та умумтаълим мактабларидан 80 минга яқин ўқувчилар иштирок этди. Натижаларга кўра, 11-синф ўқувчилари ўртасида Олтиариқ тумани 14-сонли умумтаълим мактаби Малоҳат Деҳқонова 1-ўринни, Марғилон шаҳридаги 2-сонли ИДУМ ўқувчиси Рисолат Мамажонова 2-ўринни, Ёзёвон тумани 30-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Хуршида Тоҳиржонова 3-ўринни қўлга киритди. 10-синф ўқувчилари ўртасида 1-ўрин Фарғона тумани 3-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Гулсанам Ёдгоралиевага, 2-ўрин Бағдод тумани 3-сонли ИДУМ ўқувчиси Хуршида Абдусаломовага, 3-ўрин Риштон тумани 14-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Фотима Анваровага насиб этди.
– Иншо ёзишдан аввал билимларимни бойитдим. Коррупциянинг ўзи нима? Қандай салбий оқибатларга олиб келади? Биз ёшлар келажагига қандай таъсир кўрсатади? сингари саволларга жавоб топдим, – дейди биринчи ўрин соҳибаси Малоҳат Деҳқонова. – Ҳар биримизнинг келажакда мақсадларимиз, эзгу ниятларимиз бор. Коррупция эса бу ниятларимизга соя солади. У бўлган жойда юксалиш бўлмайди, фуқаролар ҳуқуқлари поймол бўлади, адолатлилик тамойилига путур етади. Демак, нафақат ёшлар балки барча-барчамиз унга қарши курашишимиз лозим.
Ғолибларга ҳамда уларнинг устозларига Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши, Ўзбекистон “Ёшлар иттифоқи” вилоят Кенгаши ҳамда вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан таъсис этилган диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. Шунингдек, ҳамкор ташкилотларга партиянинг ташаккурномалари топширилди.
Камола ПОЛВОНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг