Янгиликлар 2119
Косонсойга сел келди
Шу йил 13 июль куни Наманган вилоятининг тоғолди қисмида жойлашган Косонсой тумани марказида тахминан соат 13.30 да кучли дўл ёғиши кузатилди. Воқеага бевосита шоҳид бўлганларнинг айтишича, айрим дўл доналарининг катталиги товуқ тухумидай бўлган. “Обод”, “Жар” ва “Олмазор” маҳаллаларидаги ҳовлиларнинг томорқа ва токзорларига жиддий зарар етган, узум мевалари тўкилиб, дарахтлар барги узилиб тушди.
Орадан кўп ўтмай Косонсой сойига қисқа муддатли кучли жаладан сўнг сел ёпирилиб келган. Баъзи жойларда кучли оқим домига тушиб қолган одамлар қутқариб қолинганлиги айтилмоқда. Айни пайтда маҳаллалар ичига ҳам кириб борган сел оқими оқибатларини бартараф этиш учун Фавқулодда вазиятлар хизмати кучлари тезкорлик билан ёрдам кўрсатди.
Орадан бир неча соат ўтгач, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Косонсой туманида содир бўлган вазият юзасидан дастлабки маълумот берди. Унда жумладан, шундай дейилган:
«13 июль куни Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилояти ҳудудида кучли ёмғир ёғиши натижасида сел оқимлари ҳосил бўлган. Ушбу сел оқимлари 13:35ларда Наманган вилояти Косонсой тумани «Обод» МФЙ ҳудудидан ўтувчи Косонсой сойидан оқиб келган.
Воқеа жойига вилоят ФВБ, ИИБ бошлиқлари, Прокуратура органлари ходимлари чиқишган ҳамда вазият назоратга олинган.
Ҳодиса оқибатида 8 нафар фуқаро вафот этган, 6 нафар фуқаро тан жароҳати олган.
Ҳудудда ФВВ қутқарувчилари томонидан қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилмоқда.
Ҳолат бўйича дастлабки терговолди текширув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳодиса юзасидан қўшимча маълумотлар ваколатли органлар томонидан тақдим этилади» дейилади маълумотда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг