Янгиликлар 3194
“Куйганёрда ишлаб чиқарилган!” ёрлиғи билан тиббий ниқоблар
Коронавирус пандемияси инсонлар саломатлигига зарар етказишдан ташқари бир муддат айрим ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятининг издан чиқишига ҳам олиб келди. Шу сабаб Президентимиз томонидан масалага ўз вақтида алоҳида эътибор қаратилди. Чинакам тадбиркорлар эса бу синовга ўзларининг ташаббускорликлари билан жавоб бердилар.
100 дан ортиқ турдаги сифатли резина оёқ кийимлари билан ички бозордан ташқари дунё бозорида муносиб ўрин эгаллаган Андижон тумани Куйганёр шаҳарчасидаги тадбиркор Абдухошим Исмоилов раҳбарлигидаги “Равон тараққиёт орзуси” масъулияти чекланган жамияти ана шундай корхоналардан бири. 1000 нафардан ортиқ ёшлар ва хотин-қизлар иш билан банд бўлган жамоа республикамизда карантин эълон қилинган дастлабки кундан янада масъулият билан иш юритди. Саломатликлари ўзлари учун қанчалик муҳим бўлса, муаммони бартараф этишга ҳисса қўшишни бундан икки карра ортиқ зарурат деб билдилар. Қувонарли томони, улар орасида 20 нафар Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари ҳам бор.
Юзага келган вазият айрим тиббиёт буюмлари етишмаслигини кўрсатди. Тўғри, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кўмагида Ўзбекистонда муаммога ўрин қолмади. Бироқ қатор ривожланган давлатларда ҳам эҳтиёж катталиги бизни айни шу йўналишда иш бошлашга ундади.
Арабистон, Россия ва Марказий Осиё давлатларида ўзининг доимий ҳамкорлари ва савдо уйларига эга эканлиги тадбиркорга қанот бўлди. Бутун эътибор янги лойиҳа устида ишлашга қаратилди. Керакли дастгоҳлар сотиб олинди, хомашё захираси яратилди. Сифати борасида хорижлик ишбилармонлар тажрибаси ўрганилди. 50 нафар вақтинча ишсиз маҳаллий ёшлар ишга қабул қилиниб, касб сирлари ўргатиляпти.
Раъно Қодирова, ишчи, партия фаоли:
-Яқин кунларда “Куйганёрда ишлаб чиқарилган!” ёрлиғи билан сифатли ва арзон нарҳдаги тиббий ниқобларни мижозларга етказиб беришни бошлаймиз. Бу аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашдан ташқари даромадимизни ҳам оширади.
Ҳа, излаган имкон топади. Тадбиркорликнинг сири ҳам асли мана шунда.
Акбаржон НАЗАРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти
Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг