Лойиҳа доирасидаги ўрганиш натижалари сессияда муҳокама этилди

25.08.2020 13:08:17

Партиянинг “Тоза табиат–соф келажак учун” лойиҳаси доирасида партиянинг Хонқа туман Кенгаши қошида тегишли ташкилот вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ўрганиш ишлари туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида муҳокама этилди.

Таъкидлаганидек,  лойиҳа доирасида тумандаги 22 та маҳалла, 15 марказий ва ички кўчалар аҳволи, 10 та ташкилот ва муассасалар ободончилиги, атроф муҳитни тозалигига риоя қилиниши юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.  Ўрганиш жараёнида марказий ва ички кўчаларнинг, айрим ташкилот ва корхоналар атрофларининг тозалик даражаси талаб доирасида эмаслиги аниқланди.

Сессия қарорига асосан, Хонқа депутатлик гуруҳи раҳбари Л.Искандарованинг ахбороти маълумот учун қабул қилинди ва  аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида вазифалар қуйидагича тақсимланди.

Корхона,  ташкилот раҳбарлари зиммасига  ўзлари фаолият юритаётган бино атрофларида тозаликка риоя қилиш бўйича маҳсус дастур ишлаб чиқиш, аҳолининг санитария-гигиена ва тиббий маданиятини оширишга тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда карантин талаблари асосида  тарғибот ишларини олиб бориш юклатилди.

Бир ой муддатда чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, тўпланиши, сақланиши, ташилиши, утилизация қилиниши, қайта ишланиши, кўмилиши ва реализациясини  тегишли тажрибага эга бўлган малакали мутахассислар билан ўрганиб чиқиб, ижрога йўналтирилишига туман Табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси маъсул этиб белгиланди.

Туман “Тоза ҳудуд” ДУК раҳбарига чиқиндиларни ташиш ишларини самарали йўлга қўйиш ҳамда вақтинчалик чиқиндини тўплаш жойларида жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш  вазифаси топширилди.

Туман марказий кўчаларидаги ободончилик ишларига алоҳида эътибор қаратиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи зиммасига юклатилди.

Ободонлаштириш юзасидан олиб борилаётган амалий ишларни матбуотда  мунтазам ёритиб боришни ташкил этиш  “Хонқа ҳаёти” таҳририяти бош муҳаррири М.Сапаевага топширилди.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссияси раислари маъсул этиб белгиланди.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

                                                                                                               

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+