Янгиликлар 1012
Лоқайдликка жавобгарлик бeлгилансин!
Бугун ижтимоий тармоқлар орқали хотин-қизларимизга бўлаётган турли хил тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг ортиб бораётганлигига гувоҳи бўлмоқдамиз. Табиийки, бундай ҳолатлар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кескин муҳокамалар қилиниши билан бир қаторда шу каби ҳолатлар жамият учун хавфли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ачиниш билан таъкидламоқдалар.
Айни дамда муҳокама марказида бўлаётган Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида содир этилган қотиллик, яъни, боғчада тарбиячи бўлиб ишлаётган хотинини ёш гўдаклар қаршисида бўғиб, азоблаб, калтаклагани кейин эса ушбу жанжал қизнинг ота уйида пичоқланиши билан якунлангани жамиятнинг ҳар бир аъзосини дилини ларзага келтирди десак, янглишмаган бўламиз. Ўз ўрнида бир савол туғилади. Агар мазкур мудҳиш воқеанинг гувоҳлари, ўша жараёнларни жим томоша қилиб, совуққонлик билан кузатган, видео тасвирга олган фуқароларимиз ўз вақтида зарур чораларни кўрганда эди, жараён ҳақида ички ишлар вакиллари ёки масъул идораларга тезкор хабар берганда эди, балки бундай даҳшатли воқеанинг олди олинган бўлармиди?!
Чунки, юқоридаги ҳолатни, унда айбланувчи ва жабрланувчи ҳаттоки гувоҳ сифатида иштирок этганларнинг хатти – ҳаракатини ҳеч қандай мезон ва ҳуқуқий нормалар билан оқлаб бўлмайди. Бу инсон ҳаёти ва унинг шахсий дахлсизлигига нисбатан энг тубан лоқайдлик ва жиноятдир.
Албатта, мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилган бўлсада, юқоридаги каби ҳолатлар, фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан бир-бирларини жазолашлари, яъни «самосуд» қилаётганликлари ва атрофдаги инсонларнинг воқеага томошабин бўлаётганликлари ачинарли ҳолат.
Бундай салбий ҳолатларда айрим фуқароларимизнинг менга нима қабилида иш тутаётганликлари ва жаҳл отига миниб, ўз йўлини йўқотган юртдошларимизни мудҳиш жиноят содир этишларигача жим қараб туришлари тузатиб бўлмас хатоларга йўл очмоқда.
Касални даволашдан кўра олдини олиш энг тўғри йўллигини ҳисобга олсак, бундай вазиятларда аввало барчамиз масъулиятни ҳис қилган ҳолда, бу менинг ватандошим, бу менинг маҳаллам, бу менинг акам ё опам дея йўл тутмоғимизни замоннинг ўзи тақозо этмоқда.
Зеро машойихлар айтгандек, душмандан эмас, бепарво ва лоқайд инсондан қўрқиш кераклигига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, жамиятда хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида бир муҳим таклифни ўртага ташлаган бўлардим. Яъни, жамиятимизда кузатилаётган бундай салбий вазиятларни олдини олиш мақсадида, қонун бузилиш ҳолатларига гувоҳ бўлиб, бепарволикка йўл қўяётган воқеа иштирокчиларига ҳам жазо қўлланилиши лозим деб ҳисоблайман. Қонунчиликдаги нормаларда лоқайдликка жазо муқаррарлиги мустаҳкам белгилаб қўйилиши шарт.
Зеро ҳар бир инсон жамият ривожи ва юрт тинчлигига дахлдор бўлиши билан бир қаторда, ўзгаларнинг ҳаёти ва манфаатлари учун ҳам масъулдир.
Бир сўз билан айтганда, инсон ўз хатти-ҳаракатлари билан бошқа бир инсоннинг умрига зомин бўлмаслиги, унга дахл қилмаслиги лозим. Зотан инсон қадри улуғланган Янги Ўзбекистонни барпо этаётган эканмиз, аввало, инсон ҳаётига унинг орзу умидларига дахл қиладиган иллатларни жамиятдан таг-томири билан юлиб, улоқтириб юборишимиз лозим.
Мен бугун ҳар бир ватандошимни, миллатдошимни қадим-қадимдан инсон қадрини улуғлаган, буюк аждодларнинг бугунги авлоди сифатида биз учун ёт бўлган бундай салбий иллатларга қарши курашишга ва лоқайдлик уйқусидан уйғонишга чақирган бўлардим.
Гулнисо САИДОВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати
Аёллар ва ёшларнинг
Сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси бошлиғи
Фикрингизни қолдиринг