Мафкуравий иммунитет -  бош ғоя

31.03.2021 13:03:26

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 26 март куни “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қарорига мувофиқ, 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб университетларнинг  бакалавриат босқичида “Маънавиятшунослик”, магистратура босқичида “Касбий маънавият” фанлари ўқув дастурига киритилади.

Мазкур ҳужжатда таъкидланганидек,  бу борада олиб борилаётган ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги янгиланишлар қарамай, маънавий-маърифий ислоҳотларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган бир қатор тизимли муаммолар хали-ҳануз сақланиб қолмоқда.

Жумладан, маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда яхлит тизим мавжуд эмас. Халқимиз, айниқса, ёшларни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида етарли даражада ташкилий ва амалий,  илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмаяпти. Бу йўналишда давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий секторнинг ижтимоий ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилмаган.

Мавжуд муаммоларни ҳал этиш,  маънавий-маърифий ишларнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш, кўлами ва миқёсини янада кенгайтириш,  аҳоли, айниқса, ёшлар қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, соҳада жиддий ўзгаришларни тақозо қилмоқда.  

Дарҳақиқат, ҳар қандай давлатнинг ёки жамиятнинг истиқболи, равнақини  юксалтириш,  аввало, ўсиб  келаётган ёшларнинг салоҳияти билан ўлчанади. Шу боис, ёшларимиз кўп вақтларини мактаб, лицей, ёки олийгоҳларда ўтишини инобатга олиб,  мазкур  таълим муассасаларида  тушунтириш ишларини кенг тарғиб қилиш, эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини ошириш,  маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандликни олдини олиш, ёшлар тарбиясидаги учрайдиган иллатларга барҳам беришга қаратилган амалий чора-тадбир дастурларни ишлаб чиқиш талаб этилмоқда.

Айниқса, бугун мураккаб мафкуравий жараёнларни илмий - амалий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиш ва баҳолаш, уларнинг устувор йўналишларини кимга ва нимага қарши қаратилганлигини аниқлаш, аҳоли турли қатламларга таъсирини ўрганиш, миллий манфаатларимизга зид бўлган зарарли ғоялар ва мафкуравий хуружларнинг моҳиятини очиб бериш, ёшларимиз қалбида миллий тафаккур ва соғлом дунёқараш асосларини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият  касб этади.

Шу асосда ёшларни ўз фикрига эга, турли мафкуравий хуружларга қарши собит тура олишга қодир бўлган, иродали, фидойи ва ватанпарвар инсонлар этиб, тарбиялашимиз мумкин. Афсуски, ғайринсоний  иллатларга қарши тура олмайдиган ёшлар ҳам  учраб туради.  Минг афсуски, куни кеча бир гуруҳ  бесоқолбоз, яъни ЛГБТларнинг жирканч намойиши  жамият ғазаби ва нафратини кучайтирди.

Кези келганда айтиш жоизки, одамнинг маънавиятига таҳдид соладиган хавфлар ва улардан ўзини онгли ҳимоя қилиш кўникмалари таълим-тарбия, ота-оналар ўгитлари, яхшилик ва ёмонликларни кўриши ва билиши жараёнида шакллана боради. Болага илк ёшидан бошлаб нима яхши, нима ёмон, уларга қандай муносабат билдириш керак, деган саволларга асосланган боғча, мактаб тарбияси, ундан кейин ижтимоий тарбия йўлга қўйилсагина ҳар бир миллат соғлом, ишончли, мустаҳкам иммунитетга эга бўлади. Мустаҳкам иммунитет шаклланиши  ўз навбатида, одамни тўғри йўлдан адашиб кетишини  олдини олади.

Бахтсизликдан, қолаверса миллатни эса - парокандаликлардан, парчаланишлардан, маҳаллий ёки турли бўлинишлардан асраб туради. Демак, мафкуравий иммунитет - давлат ва миллатнинг маънавий бирлиги, маънавий соғломлигини ҳимоя қилувчи ғоявий қалқон вазифасини бажаради.

Шундай экан, маънавиятга қаратилган ҳар қандай таҳдид ўз-ўзидан мамлакат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатларини, соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий ғовдир. Демак,  инсонлар онги ва қалби учун курашлар  авж олаётган бугунги таҳликали давр биздан маънавий-маърифий тарғибот ишларини кучайтиришни, халқимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилишни, тинч ва осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган тажовузларга қарши кураш олиб боришни талаб этилади.

Хулоса қилиб айтганда, вояга етмаган ёшларимизни кучли мафкуравий иммунитетга эга шахс сифатида тарбиялаш пировардида халқимиз ҳаётини фаровон, тинч ва осойишта  ҳаётини таъминлашга сабаб бўлади.

 

Бобур МАМИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти

Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+