«Маҳалла еттилиги» қандай ишламоқда?

28.05.2024 12:05:35

Маҳалла институти давлат ва жамиятни, ҳар бир фуқарони бирлаштирувчи муҳим бўғин. Шу сабаб республикамизда маҳаллага бўлган эътибор ортиб боряпти. Зеро, фуқаролик жамияти вакиллари жамоатчилик билан ишлаш баробарида ҳуқуқий давлат қуришнинг муҳим кафолати демакдир.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Олтиной Мамирова ўз сайлов ҳудудидаги МФЙлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратиб, жамоатчилик назорати тартибида ўрганиб боряпти. Жумладан, Жалақудуқ туманидаги Узун кўча МФЙда фаолият олиб бораётган «еттилик» билан учрашувда фуқаролик жамиятини ривожлантириш биринчи навбатда маҳалладан бошланиши, мазкур институт олдида турган вазифалар ва амалдаги ислоҳотлар тўғрисида тушунча берди. Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги «Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони маҳалла вакилларининг имкониятларини кенгайтириш баробарида зиммаларидаги масъулиятни янада оширганини таъкидлади.

Олтиной Мамирова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

-Бугунги МФЙ раиси зиммасига катта вазифа юклатилган. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори фаолиятини баҳолашда маҳалла раисларининг мақоми оширилгани ҳам буни кўрсатиб турибди. Агар етакчи фуқаролар билан ишлашда тажрибали ва ташаббускор бўлса ана шу ҳудудда ўсишга эришиш аниқ. Бунинг учун «еттилик» ҳар бир ишга масъулият билан қараши лозим.

Узун кўча МФЙда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, бандлигини таъминлаш, муаммоларни ечимини топиш, бир сўз билан айтганда барча йўналишлардаги ислоҳотлар ижросини таъминлашда сезиларли натижаларга эришилмоқда. Бундан хулоса шуки, «маҳалла еттилиги»га муносиб кадрлар танланган.


«Адолат» СДП
Андижон вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+