Маҳалла йиғинларида ижтимоий инновацияларни қўллаш

12.01.2022 16:01:48

      Маълумки, Президент томонидан жорий этилган “маҳаллабай” ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида маҳаллаларда “Ҳоким ёрдамчиси” лавозимини жорий этиш бўйича 2021 йил декабрь ойининг ўзида Давлат раҳбарининг 1 та фармон ва 2 та қарори қабул қилинди.  Ушбу тизимни тўғри йўлга қўйиш учун Республика комиссияси тузилди, ҳар бир ҳудудга 3 кишидан иборат Ишчи гуруҳлар (42 киши), туман (шаҳар)ларга камида биттадан республика вакиллари (299 киши) бириктирилди.

      9500 нафар ҳоким ёрдамчиси маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни “хонадонбай” ўрганади. Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари ишини вертикал мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари, туман ва шаҳарларда Маҳаллабай ишлаш марказлари ташкил этилмоқда.

 

      Бундан кутилаётган мақсад – давлат сиёсатини маҳаллагача тушириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадини кўпайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, шу орқали камбағалликни қисқартириш.

      Бу бош мақсадга эришиш йўлида ҳамма учун умумий бўлган вазифалар белгилаб олинган:

биринчи: ҳоким ёрдамчиси ўзига бириктирилган маҳаллани тўлиқ ўрганиши, барча хонадонларни уйма-уй юриш орқали хатловдан ўтказиш, маҳаллага ижтимоий-иқтисодий нуқтаи назардан диагноз қўйиш;

иккинчи: маҳалладаги муваффақиятга эришган тадбиркорлар ва маҳалла фаоллари билан дўстлашиш ва улар билан доимий фикр алмашиш;

учинчи: ишларни босқичма-босқич амалга ошириш, яъни ойлик, чораклик ва йиллик устувор вазифаларни тўғри белгилаб олиш;

тўртинчи: аҳолининг тизимга бўлган ишончини ошириш учун дастлабки 3 ойда маҳаллада натижа кўрсатиш. Бунда биринчи навбатда тез натижа берадиган осон ва енгил лойиҳаларни амалга ошириш (масалан, 3-4 та хонадонда иссиқхона ташкил этиш, 4-5 та фуқарони касб-ҳунарга ўқитиш орқали ишга жойлаштириш, 3-4 та фуқарога ўзини ўзи банд қилиши учун субсидия ажратиш ва ҳ.к). Акс ҳолда аҳолининг уларга бўлган ишончи пасайиб боради;

бешинчи: муваффақиятга эришган ҳоким ёрдамчиларининг тажрибалари билан бошқаларни доимий таништириб бориш.

        Шунингдек, ҳоким ёрдамчиларининг маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни “хонадонбай” ўрганиш, ёшлар ва хотин-қизларнинг қизиқишларини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтириш, субсидиялар ва оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар олишга кўмаклашиш, кооперация асосида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган “етакчи” тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратишни ташкил этиш, ишсизларни, биринчи навбатда “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га кирган ёшлар ва хотин-қизларни бўш иш ўринларига жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш кабилар вазифаларни бажариб, келгусида амалга оширишдан иборат.

    Ушбу мақолада мен Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги У.Мусаев маҳалла фуқаролари йиғини раиси, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Камолон Дарвоза” МФЙси раиси ва Тошкент вилояти маҳалла ҳайрия жамғармаси  раиси бўлиб фаолият юритган ва Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати сифатида маҳалла оид масалаларда орттирган тажриба ва тадқиқотларимдан келиб чиқиб, депутатлик округимдаги “Юксалиш” МФЙда қўллаб кўрган маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурини тузиш ва шу асосда ўрганиб, келгуси фаолиятини ташкил этиш тажрибамиз, шунингдек, эълон қилинган “МАҲАЛЛА ЙИҒИНЛАРИДА ИЖТИМОИЙ ИННОВАЦИЯЛАРНИ ҚЎЛЛАШ” номли мақолам (“Илм,фан ва инновацион ривожланиш” журналининг 2019 йил 1-сонида)даги тавсиялардан фойдаланишни таклиф ва тавсия этаман:

     Маҳалладаги ҳар қандай ҳолатни билиш жараёнида уни баҳолайдиган мезонларни тўғри танлашга эътибор қаратилиши керак. Мезонни танлаш, уни илмий-амалий асослаш муҳим усул ва тадқиқот масаласи қаторига киради ва кўпинча мунозарали кечади. Бу тўлалигича ижтимоий ривожланиш, унинг иқтисодий асослари даражаси ва сифатига баҳо бериш билан боғлиқ. Бундай қийин ва мураккаб масалалар ижтимоий ривожланиш мезонининг намоён этиш табиати (характери)га кўра ҳал қилинади. У камдан-кам ҳолларда соф кўринишда учрайди. Қоидага кўра, ижтимоий ривожланиш иқтисодий жараёнлар билан боғлиқ бўлиб, бундай ижтимоий ва иқтисодий кўринишлар ўртасидаги чегарани тавсифлаш қийин.

      Биринчидан иқтисодиётдаги ҳар бир нарса  инсон эҳтиёжларини қондиришга мўлжалланган, шундай экан, у ижтимоий табиатга эга.

     Иккинчи гуруҳга аҳоли бандлиги, меҳнат шароити, уй-жой билан таъминланиши, коммунал-маиший хизматлар, тиббиёт, сиҳатгоҳ, соғломлаштириш ва дам олиш муассасалари, мактабгача ва умумтаълим муассасалари, махсус таълим олиш имкониятлари, малака ошириш ва касбни ўзгартириш, бўш вақтда маданий ҳордиқ чиқариш ва дам олиш базалари мавжудлиги каби маълумотлар киради.

     Учинчи гуруҳ ялпи ички маҳсулот, жон бошига миллий даромад, истеъмол ва жамғарма фондлари, бир киши ҳисобига айрим истеъмол маҳсулотлари ва хизматлар, ҳар бир оила аъзосининг шахсий даромади, меҳнатга ҳақ тўлаш, нафақа, стипендия ва бошқа жамоат фондлари ҳамда давлат бюджети (республика ва маҳаллий)дан ижтимоий тўловларни қамраб олади. Ҳар бир санаб ўтилган кўрсаткичлар ўзининг аниқ маъносига эга бўлиб, ижтимоий ривожланишнинг қайсидир кўп қиррали даража ва сифатида намоён бўлади. Уларнинг ичида биринчи гуруҳ кўрсаткичлари муҳим ўрин эгаллайди. Шу асосда ижтимоий ривожланиш бўйича кўрилган чораларнинг охирги натижалари бўйича фикр юритиш мумкин. Қайд этилганидек, иқтисодиёт, маданият, маиший хизмат, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ишларнинг асосий мазмунини халқ фаровонлиги, ҳаёт даражаси ва умр давомийлигини ошириш ташкил этади. Шундай экан, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни юқорида қайд этилган мезонларга таянган ҳолда амалга ошириш мумкин:

    Биринчидан, иқтисодиётдаги ҳар бир нарса инсон эҳтиёжларини қондиришга мўлжалланган, шундай экан, у ижтимоий табиатга эга.

     Иккинчидан, ижтимоий ривожланиш кўп қиррали ва кўп режали. У ўзини моддий фаровонлик, маънавий ўсиш, меҳнатни енгиллаштириш ва бошқа эҳтиёжларни қондиришда намоён этади. Ижтимоий ривожланиш асоси инсон ҳаёт фаолиятининг барча йўналиш ва соҳалари билан боғлиқ.

     Ушбу нуқтаи назардан келиб чиқиб, инсонларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари даражаси сифат мезонини аниқлаш мумкин.

       Одамлар жамиятнинг ижтимоий ривожланиш даражасини ижтимоий-иқтисодий манфаатлари қанчалик қондирилаётганидан келиб чиқиб баҳолайди. Шу ўринда савол туғилади: ижтимоий-иқтисодий манфаатларнинг амалга ошириш даражасини қандай ўлчам билан баҳолаш мумкин? Қайсидир аниқ бир кўрсаткич билан инсон ҳаётининг ҳамма томонини бирдек қамраб олиш мушкул. Ижтимоий ривожланиш даражасини баҳолаш ҳамда сифат кўрсаткичлари ва унинг негизи бўлган иқтисодий асослар қуйидаги гуруҳларга бўлинади:

    1) ижтимоий соҳада эришилган ижтимоий ривожланиш натижаларини тавсифловчи кўрсаткичлар;

    2) факториал кўрсаткичлар (ишлаб чиқаришни ривожлантириш омилларини таҳлилий шаклда ифодалаш ҳисобланади), яъни инсонлар эҳтиёжини қондириш, ижтимоий соҳанинг ривожланиши учун яратилган шароит ҳолатини тавсифловчи маълумотлар;

    3) ижтимоий ривожланиш иқтисодий асосларини тавсифловчи кўрсаткичлар.

     Биринчи гуруҳ халқ фаровонлиги, инсонлар ҳаёт даражаси ва сифати, умр кўриш давомийлиги, миллатнинг билимлилик даражаси, соҳада ҳудудларда амалга ошириладиган комплекс чора-тадбирлар белгиланади. Жумладан, вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали ва оптимал фойдаланиш учун ҳудудларда замонавий ишлаб чиқариш ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ташкил этиш бўйича лойиҳалар, жумладан, давлат-хусусий шерикликни кучайтириш орқали тўлиқ амалга ошириш тадбирлари жорий этилади. Бу ўринда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларда ҳудудларда замонавий ишлаб чиқариш ва       муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш параметрлари ҳамда «Ақлли шаҳар», «Ақлли маҳалла», «Ақлли уй» ва «Ақлли ҳокимият» концепцияларини акс эттириш назарда тутилмоқда. Арзон уй-жойлар барпо этиш бўйича мақсадли дастурларни муҳандислик коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш, бунинг учун шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг бош режалари ҳамда қишлоқ фуқаролар йиғинларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларини тайёрлаш ва тасдиқлаш бўйича дастур ишлаб чиқилади. Амалга ошириш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тузилиб, лойиҳада жумладан, 2018– 2022 йилларда 138 та шаҳар ва шаҳарчаларнинг бош режалари ҳамда 2018–2019 йилда 55 та қишлоқ аҳоли пунктларини меъморий режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда ҳудудларда қурилиши режалаштирилаётган ижтимоий объектларни лойиҳалаштиришда эски қолиплардан воз кечиб, инновацион ёндашувларни жорий этиш назарда тутиш тавсия этилади.

       Аксарият ҳолларда ижтимоий муаммоларни ҳал этишни «ижтимоий янгилик» ва «ижтимоий инновация» тушунчалари билан боғлашади. Ижтимоий янгилик ва ижтимоий инновация янги, ижодий, ижтимоий муаммони ечишни назарда тутади. «Ижтимоий янгилик» – бу ўйлаб топилган, лекин ҳали ижтимоий жорий этилмаган янгилик ҳисобланади, ижтимоий инновация эса жорий этилган ёки ижтимоий соҳага киритилган янгиликдир. 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламенти тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар тўғрисида»ги ва «Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутати, Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенат аъзосини чақириб олиш тўғрисида»ги қонунларга тузатишлар киритилиб, шунга биноан, партияларнинг депутатлик гуруҳлари қўшимча ҳуқуқларга эга бўлди. Жумладан, ҳудудларни ривожлантириш дастурлари лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш ва туман (шаҳар) ҳокими, шунингдек, тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари мансабдор шахсларининг қониқарсиз фаолияти тўғрисида вилоят ҳокимига хулоса тақдим этиш ҳуқуқи берилди.

       Маълумки, маҳаллий кенгаш депутатлари халқ вакили сифатида тегишли ҳудуд аҳолиси манфаатларини ҳимоя қилади. Бундай ёндашув демократик принципларнинг амалдаги ифодасидир. Ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши кўп ҳолларда маҳаллий кенгаш депутатларининг фаоллигига боғлиқ. Бу борадаги фаолият, тадқиқот, депутатлик ва жамоат назоратлари хулосаларидан маълум бўлдики, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат дастурларига ҳамоҳанг дастурни шакллантириш ва унинг амалий ижросини таъминлаш вазифаси маҳалла даражасида тузилмайди ва ижросини таъминлашнинг аниқ механизми белгиланмаган.

        Шу пайтгача бу масалалар республика миқёсида Давлат дастури, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари сессияларида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури, бюджетнинг ижроси ва келгуси йилнинг параметрлари муҳокама қилиниб, кенгашлар сессияларида тасдиқланади ва ижро учун қабул қилинади.

      Айни вақтда ушбу дастурлар маҳаллалардан бошлаб шакллантирилмайди, у ердаги муаммолар умумлаштирилмайди, туман ёки шаҳар даражасида шакллантирилган дастурлар муҳокама ва тасдиқдан юзаки ўтади. Натижада маҳалладаги мавжуд муаммолар туман, шаҳарда шакллантирилган дастурга кирмай, эътибордан четда қолаверади. Ижрочилар учун маҳаллалар кесимидаги муаммо ва вазифалар белгиланмай, маҳаллаларда яшовчи фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид муаммолари инобатга олинмаяпти. Йил давомида бу муаммоларнинг дастурга киритилмагани ҳамда ташкилий ва молиявий асоссиз бўлгани учун уларни ижро этишга имкон бўлмаяпти.

        Шу билан бирга, ҳатто жойида (маҳаллада, туманда) ҳал бўлиши мумкин бўлган муаммолар ечими айрим мутасаддилар томонидан пайсалга солинмоқда. Буни депутатларнинг фуқаролар кўтарган муаммоли масалаларни ҳал этиш учун мутасаддиларга йўллаган сўровномаларига ижобий ёки мантиқли жавоб ололмаётганлиги, баъзан сўровномалар умуман жавобсиз қолаётганидан билиш мумкин. Масалан, Янгийўл туман ҳокимига киритилган 5 та депутатлик сўровномадан 3 таси жавобсиз қолган. Масалан, «Юксалиш» маҳалласининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури лойиҳаси туман кенгаши сессиясида кўрилиб, тасдиқлаб берилиши анча пайтгача пайсалга солиб келинди. Ушбу маҳалланинг томорқа экинларини суғориш ариғини тиклаш бўйича депутатлик сўрови ярим йилда, яъни экин-тикин мавсуми бошланганидан кейингина ҳал этилди. Бироқ 3 та оиланинг яшаш уйлари ва фермер хўжалигининг ер остидан ўтган катта босимли газ қувури, ўта хавфли бўлишига қарамай, уни кўчириш кераклиги ҳақидаги муаммо ярим йилдан буён ўз ечимини кутмоқда.

 Президент Шавкат Мирзиёев  2022 йилга «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб ном бериб, барчага жуда катта вазифалар юклади. Инсон қадрини улуғлаш ва маҳаллада ижтимоий муаммоларни фаол йўл билан ҳал қилиш каби саволлар олдимизда турган энг асосий масаладир.

      Ижтимоий-иқтисодий вазиятни чуқур ўрганиш давомида маҳаллаларга оид ҳаракат дастури йўқлиги, муаммолар тизимли равишда ўрганилмаганлиги, аксарият масалалар ҳал қилинмай қолганлиги аниқланди. Бундан ташқари, шу вақтга қадар маҳаллада ижтимоий ривожланишнинг шакллантирилган дастури бўлмаганлиги маҳаллий кенгаш депутатларига жамоат назоратини амалга оширишга имкон бермаяпти. Шунинг учун маҳаллий шароитда ҳудудларни нафақат туман, шаҳар миқёсида, балки маҳаллалар ҳудуди даражасида ҳам ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадга мувофиқ. Бу маҳалланинг иқтисодий имкониятларидан тўлиқ фойдаланиб, унинг ижтимоий ҳолатини Давлат дастурларида белгилаб берилган талабларга мос янгилашга имкон яратади. Шунингдек, унинг электрон базасини яратиб, ундан самарали фойдаланиш, маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, муаммолар, жорий этилиши зарур бўлган ғоя, иш, хизмат, модель, лойиҳаларни қўллашга ҳам имконият пайдо бўлади.

       Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашига киритилган «Маҳалла ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этиш тўғрисида»ги масала, аввало, вилоят кенгаши комиссияси, сўнгра сессияда кўриб чиқилди ва маъқулланди.

        Эндиликда маҳаллалар ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари меъёрий ҳужжатларини маҳаллалардан 2019 йилдан бошлаб шакллантириш, бунинг учун депутатлар, ҳокимлик ва маҳалла фуқаролари йиғинлари фаоллари кенг жалб қилиниши кўзда тутилди.

         Хўжалик юритиш механизмини такомиллаштириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш суръатларини жадаллаштириш кўп жиҳатдан инсон омилига, инсонларнинг меҳнат ва ижтимоий-сиёсий фаоллигига боғлиқ бўлиб, аҳолининг ўсиб бораётган маънавий ва маданий эҳтиёжларини тўлароқ қондириш, меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилаш, турмуш фаровонлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш муҳимлиги мазкур тадқиқотнинг долзарблигини белгилайди. Шаҳарлар билан қишлоқ ҳудудлари ўртасидаги тафовутлар ортиб бораётганлиги, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси шаҳарликларникига нисбатан паст эканлиги

тадқиқот мақсадини белгилаб, қишлоқ ва маҳалла ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш    дастурини ишлаб чиқишни тақозо қилди.

       Тадқиқотни амалга ошириш натижасида Янгийўл туманидаги сайлов округидаги А.Ортиқов ҚФЙ ва «Юксалиш» МФЙнинг қишлоқ ва маҳалла ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди(дастурни электрон шакли мавжуд). Дастур ҚФЙ ва МФЙ фаоллари ва туман мутасадди ташкилотлари ўртасида муҳокамага қўйилиб, тегишли қарор қабул қилинишига эришилди.

        Бу услубдаги синов 2015 йилдан буён Янгийўл тумани «57-Йўғонтепа» сайлов округида қишлоқ фуқаролари йиғини билан биргаликда ўрганилиб, жорий этилди. Анкета саволларига жавоблар маълумотлар тарзида тўпланиб, дастур шакллантирилди ва қишлоқ фуқаролар йиғини кенгаши, туман ҳокимлиги, ижро идоралари иштирокида муҳокама қилиниб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури қабул қилинди. Мазкур дастурда вазифалар белгиланиб, йил давомида Маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши, депутатлик сўровлари, жамоатчилик назорати ташкил этилди. Натижада кўплаб муаммолар жойида, туман, вилоят, республика ташкилотлари миқёсида ҳал этилди.

       Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини шакллантириш тажрибаси Ўзбекистон «Адолат» СДП Марказий аппарати томонидан вилоят партия фаоллари учун ўтказилган ўқув семинар-тренингда маълум қилинди. Бу усул эътиборга лойиқ деб топилиб, маҳаллий кенгашлардаги депутатларга тайёрланган қўлланмага киритилиши тавсия этилди. 2017 йил якунида Халқ депутатлари вилоят ва туман кенгашлари депутатлари ва Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати иштирокида ушбу дастур лойиҳаси «Юксалиш» МФЙ (чунки ҚФЙлар фаолияти тугатилган эди) кесимида шакллантирилди ҳамда унга маҳалла ҳудудида жорий этилиши лозим бўлган Ҳаракат стратегиясида белгиланган вазифалар киритилди. Дастур туман ҳокими билан келишилган ҳолда амалга оширилди.

        Дастурнинг бу тарзда шаклланиши янгича ижтимоий инновацион ёндашув бўлиб, у 2018–2021 йилгача бўлган давр учун тузилди. Дастурда мавжуд иқтисодий-ижтимоий имкониятлар, камчиликлар, муаммолар ечими белгиланди. Энг муҳими, йиллар давомида эътибор берилмаган, лекин ҳал қилиш мумкин бўлган, иқтисодий самарадор масалалар бўйича муаммоларни ҳал этишнинг янгича йўналишлари ишлаб чиқилди. Жумладан:

       - ҳаётга татбиқ этилаётган яна бир ташаббус – чиқиндини қайта ишлаб, биогаз олишга қаратилган инновацион лойиҳани амалга ошириш мақсадида туман ҳудудидаги фермер хўжаликларидан бирига биогаз қурилмаси фойдаланишга топширилди;

       - маҳалла аҳолисига хизмат кўрсатувчи оилавий поликлиникага қуёш энергиясида ишлайдиган батарея ўрнатилди;

        - кўп йиллардан буён қаровсиз қолган тарихий «Йўғонтепа» тепалигини ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши белгиланди.

        Ҳудудни бу услубда чуқур ўрганиш янги йўналишлар очиб берди. Жумладан, ҳудуддан оқиб ўтадиган сув, қуёш энергияси, анҳор сувидан фойдаланиб, кичик ГЭС қуриш ғояси туғилди.

        Ушбу фаолиятдан кўзланган мақсад фуқароларни ижтимоий инновацион ғоялар билан таништириш ҳамда янги лойиҳаларни амалга оширишларига кўмаклашишдир.

        Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий дастурини тузиш ва ҳаётга жорий этиш амалиётини ижтимоий инновация деб аташ мумкин, чунки ижтимоий инновация бу – ижтимоий заруратни қондиришга хизмат қилувчи (товар, хизмат ва модель) янги ғоя ҳисобланиб, унинг ҳаётга татбиқ этилиши билан бир вақтнинг ўзида ижтимоий муносабатлар ёки ҳамкорлик жараёни шаклланади.

        Юқоридаги маҳалла ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этишни Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида «Маъмурий ислоҳотлар  концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ижросида вилоят, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларга бўлишни назарда тутадиган мутлақо янги тизим – «маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят – республика» принципига асосан амалга оширилиши, асосий ишлар энг қуйи бўғин – маҳаллада қўлланиладиган дастур бўлиб хизмат қилиши мумкинлиги эътироф этилди. Бунда барча уй хўжаликлари ва объектларга бирма-бир кирилиб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш кўзда тутилган. Бу дастурнинг янада мукаммал шаклланиши ва ижроси таъминланишида ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.

  1. Ҳал этилмай келинаётган муаммоли масалаларни МФЙ фаоллари, туман, вилоят кенгашлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари кўмагида туман ҳокимлиги ва тумандаги хизмат кўрсатувчи ва ижро этувчи идоралар билан ҳамкорликда ҳал этишда масъулиятни янада ошириш керак.

      2.Маҳалла ҳудудининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат дастури ижросини таъминлаш учун туман кенгаши депутати, маҳалла фаоллари ва мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ ташкил этиш лозим. Бу ишчи гуруҳ камида ойда бир марта маҳалла ҳудуди дастури ижросини таъминлаш бўйича жамоатчилик назорати олиб бориши, маҳалла ҳудудининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салмоқли ҳисса қўшиши лозим.

  1. 2018 йил декабрь ойида маҳалла ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ва Ҳаракатлар Стратегияси доирасида 2019 йил учун қўшимча «йўл харитаси» тузиш ва амалга ошириш ҳамда Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг 2018 йил 18 август 33/9-1-сонли «Маҳалла ҳудудини ижтимоий иқтисодий ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этиш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифаларни бажариш ўз самарасини бериши мумкин. Унга кўра, маҳалла ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этиш лозим.

      4.Туман ҳокимлиги ва ижро идоралари аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиб, ижтимоий инновацияларни маҳалладан бошлаб жорий этишса, мавжуд муаммолар самарали, тезкор, номарказлашган ҳолда, ортиқча сарсонгарчиликсиз ўз ечимини топади. Ҳар бир маҳалла учун алоҳида тузилган маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий шакллантирилиш дастури маҳаллий кенгаш депутатлари сессияси томонидан тасдиқланиши керак. Натижада маҳаллада харажат ва нафлар уйғунлиги, бюджет ва тақсимотнинг адолатлилиги, самарадорлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлиги барқарор бўлади. Шунингдек, маҳаллада адолатлилик, ҳокимликнинг яхлитлиги ва сиёсий барқарорлик таъминланади.

  1. Ҳокимлик томонидан қабул қилинган қарорлар аксарият ҳолларда салбий натижалар бериши ҳокимлик даражасидаги ваколатларни марказлаштиришдан чиқаришни тақозо этади.

       6.Маҳалланинг саноат салоҳиятини тараққий эттириш учун туман ҳокимлиги ва мутасадди идоралар билан ҳамкорликда маҳалла ҳудудида фаолият юритмаётган, самарасиз фойдаланилаётган, инқирозга юз тутган ёки кам қувват билан ишлаётган корхоналар, ишлаб чиқаришга мўлжалланган бино ва ерларни аниқлаш, улар негизида янги корхоналар ташкил этиш бўйича маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб этиш борасидаги ташкилий ва техник ишларни амалга оширишга эътибор қаратиш керак.

        7.Маҳалла аҳолисининг кескин кўпайиб боришини ҳисобга олиб, «ақлли таълим» ва тадбиркорликда камайиб бораётган ресурсларни аҳолининг ўсишига пропорционал сифатли кўпайтиришга ўргатиш керак. Ушбу вазифаларни амалга оширишда Халқ депутатлари вилоят, туман

ва шаҳар кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари ўз фаолиятига янгича ёндашган ҳолда иш олиб бориб, ҳудудларни ижтимоий иқтисодий ривожлантиришда фаол иштирок этиши зарур.

  1. Инновацион ғояга янгича ёндашган ҳолда тарғиботни йўлга қўйиб, уни амалда қўллаш келгусида маҳалла фаолларини ўз олган билим ва кўникмалари орқали ижтимоий инновация жараёнини кенг доирада, аҳоли ва жамоатчилик ўртасида тарғиб қилишда ёрдам беради. Чунки ижтимоий ҳаёт ҳар бир инсон ва ҳар бир соҳага, пировард натижада эса бутун иқтисодий тараққиётга дахлдор жараёндир. Зеро, ижтимоий инновацияни қўллаш жараёни халқаро илғор тажрибани тарқатиш ва қатор ташаббусларни синаш йўли билан мавжуд салоҳиятни кенг намойиш қилиш ва татбиқ этишга йўналтирилиши мумкин.
  2. «Ақлли таълим»га ўтиш зарур – болаларда ўзига хос, асл билимлар механизмини яратиш, шакллантириш, уни ўз оиласи, ўзбек халқи ва ҳудудларда яшаётган аҳоли фаровонлиги учун самарали қўллаш даркор. Ҳар бир болани ёшлигидан истеъдоди (математика, кимё, рассом, мусиқачи ва ҳ.к.)ни аниқлаш ва мантиқий билимини яхшилаш омилларининг комплекс таҳлили асосида, келажакда юқори малакали онг-билим даражаси, савияси юқори мутахассис бўлиши учун хотираси ва фикрлаш тезлигини тарбиялаш керак. Янги авлоднинг энг ёрқин вакиллари катта ишончлар билдириб, ўзига хос ва алоҳидалигини эътиборга олиб, худди Германия, АҚШ, Корея Республикаси каби улар учун алоҳида киритилган дастурларда тайёрлаш мумкин. Президентимизнинг яқинда Хоразм вилоятига ташрифида таништирилган ментал арифметика синфи, мактаби, шунингдек, бу борада «Президент мактаб»ларини очиш бўйича кўрсатмалари (намуна» сифатида фойдаланиш) ни изчил киритиш керак.

Маълумки, таълим сифатига таъсир этувчи ташқи омиллар 60-70 фоизни ташкил этади. Уни маҳаллаларда ҳамкорликда, яъни инновацион оилада; устоз-шогирд мактабида; инновацион маҳалла; экологик тозаликда; ақлли тиббиёт; мия қобилиятини ривожлантириш; интеллектуал жисмоний тарбия; инновацион илм-фан; ишлаб чиқариш ва бизнес; инновацион маънавият ташкил этиш орқали ҳал этишга кўмаклашиши ҳам ижтимоий инновацияни қўллашда ўз самарасини беради (“Инсон капиталига инвестициялар” Батафсил: adolat.uz).

       Ушбу маҳалла йиғинларида ижтимоий-иқтисодий инновацияларни қўллаш маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни  “хонадонбай”  ўрганишга ва умумлаштиришга ва келгусида маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий Дастур тузишга амалий ёрдам беради.
      Маҳалла ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни бу услубда ривожлантириш, 2022 йил «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да, инсонни қадрини улуғлаш яъни маҳалланинг фаоллигини ошириш, унинг учун маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурини шакллантириш ва ижросини маҳаллада самарали жорий этиш аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

 

Шадиметов Камолжон,

 и.ф.д., академик, Ўзбекистон «Адолат» СДП аъзоси,

«Инновация ва муқобил энергетика тарғиботи маркази» раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+