Маҳалла миллий қадрятлар маскани

04.01.2023 12:01:44

Мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлисга ҳамда халқимизга йўллаган Мурожаатномаси “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йилида олиб бориладиган ислоҳотлар кўлами янада кенгайиши, иқтисодий-ижтимоий, суд-ҳуқуқ, маданият, таълим тизимларида, умуман, барча соҳаларда катта ўзгаришлар рўй беришига, қўйилган барча вазифа ва топшириқлар эса мамлакатимиз қудратининг юксалиши ва халқимиз фаровонлигининг янада оширилишига қаратилган дастуриламал ҳужжатдир. Мурожаатнома битта мақсадга халқимизни тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган, бу борада ечимини кутаётган масалалар аниқ далиллар асосида баён қилиниб, тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида олдимизда турган долзарб вазифаларни, белгилаб берди.

Муожаатномани тинглар эканман, эртанги кунимизга бўлган ишончим янада ортди. Айни дамда партия фаоли сифатида зиммамга катта масъулият юклатилганлигини ҳис этдим. Чунки Президентимиз бундан кейинги барча ислоҳатларимизнинг замини ва кўзгуси маҳалла бўлади, жамиятимиздаги барча ислоҳатлар, туб янгиланиш жараёнлари маҳалла ҳаётида ўз ифодаси ва амалий ечимини топади деб жуда ҳақ гапни таъкидладилар.

Албатта амалга оширилаётган ишларнинг натижаси энг аввало маҳаллада, энг қўйи поғонада билинса одамлар кўзида ҳаётидан розилик аломатлари кўринса, ислоҳатларнинг натижакорлиги ортади.

Барчамизга яхши маълумки азал-азалдан маҳалла – тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғони, миллий қадриятлар, анъана ва урф-одатлар шаклланган ва юзага келган маскан ҳисобланган. Азалдан бу масканда аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, кексаларга ҳурмат-у ёшларга иззат, муҳтожларга мурувват кўрсатиш каби кўплаб ибратли миллий ва диний қадриятлар ҳукмрон бўлган. Ана шу қурғонни янада мустаҳкам бўлишига, юксалишигм давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси орқали таъкидлаган бир қатор вазифалари дастурил амал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Аҳамиятли томони шундаки эндиликда давлат инвестиция дастурлари маҳалла даражасига туширилиб, 2023 йилда аҳоли томонидан таклиф берилаётган сув, электр энергияси, йўл, мактаб каби йўналишлар бўйича лойиҳалар учун ҳар йилгидан қарийб 3 баробар кўп, яъни 8 триллион сўм йўналтирилишининг ўзи аҳоли розилиги, халқ фаровонлиги йўлида ташланган муҳим қадам десам янглишмайман.

Ҳар сафар партияниинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаоллари жойларда, маҳаллаларда учрашувларда бўлганимизда табиийки, юқорида тилга олинган сув, электр энергияси, йўл, мактаб каби йўналишлардан бир қатор мурожаатлар тушади. Мурожаатларнинг кўпчилиги вилоят, шаҳар даражасида ўз ечимини топса, республика даражасида ечимини топадиган масалалар ҳам учраб туради, аминманки, давлатимиз раҳбарининг ушбу мурожаатномаси маҳаллаларда мавжуд ана шундай муаммоли масалаларга ўз вақтида ечим бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан эндиликда ҳар битта маҳалла ўзининг замонавий кутубхонасига, спорт майдончасига эга бўлиши бир томондан, аҳоли, айниқса ёшларнинг соғлом турмуш тарзига чорлаши билан бирга, уларнинг хулқ-атвори доимо маҳалладошлар эътиборида, назоратида бўлишга йўл очади. Бу эса ўз навбатида ўзаро муносабатларда аҳолининг одоб доирасидан чиқилмаслиги, ҳар бир ишда елкадош, маслакдош бўлиш ҳамда қўллаб-қувватлаш туйғуларини шакллантиришга ҳисса қўшиши билан улкан ижобий аҳамият касб этади.

Гулбаҳор Ҳусаинова,

“Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши Аёллар қаноти раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+