Маҳалла ободлиги - юрт фаровонлиги

19.05.2021 13:05:34

Ободонлаштириш ва тозалик ҳар кунлик ҳаётий эҳтиёжимизга айланмоқда. Бу хайрли ва эзгу ишлар асло мавсум танламайди. Зеро, саранжом-сариштали жойда қут-барака бўлади. Айни пайтда шаҳар ва қишлоқларда, маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида теварак-атрофни тартибга келтириш, ободонлаштириш, ариқ-зовурлар, хиёбонларни тозалаш ишлари амалга оширилмоқда. Ободонлаштириш ишлари жараёнида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар, ҳовлилар, боғ ва сайлгоҳларни тартибга келтириш, чиқиндиларни белгиланган жойга чиқариб ташлаш, кўчаларни таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу хайрли ишларда  депутатларимиз ҳам камарбаста бўлиб, ўз ҳиссаларини қўшаётганликлари қувонарлидир.

Хусусан, Халқ депутатлари  Қизириқ туман Кенгаши депутати Исҳоқ Тожиев ташаббуси билан тумандаги “Гулобод” маҳалласида ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти.

Маҳаллада айни кунда 520 та хонадонда 2374 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Бу манзилда кўчаларни тўлиқ асфальтлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Маҳалланинг сув қувурлари алмаштирилиб, ички йўлларга тош ётқизиш ишлари ҳам бажарилмоқда. Асосий йўллар атрофида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиш бошлаб юборилди.

Маҳалла кўмагида 3 нафар эҳтиёжманд оиланинг уй-жойи таъмирлаб берилди.

-Тоза-озода, обод жойда файзу барака бўлади, – дейди депутат Исҳоқ Тожиев. – Шунинг учун юртимизда  катта шодиёналар, байрамлар олдидан ҳашарлар уюштирилиб, хонадонлар, маҳалла, кўча ва хиёбонлар, гузарлар, муқаддас қадамжоларни янада обод қилиш яхши анъанага айланган. Биз ҳам Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги тўйи олдидан маҳаллаларни ободонлаштириш, янада гўзаллаштиришни мақсад қилганмиз. Халқимизга хос бундай хайрли ишларда пок ниятларимиз, эзгу орзу-мақсадларимиз ўз ифодасини топмоқда. Бир-биримизга оқибат ва ўзаро ҳамжиҳатлик бўлса хонадонлар атрофи тоза бўлади, уйимизга қут-барака киради. Айни пайтда асосий эътиборимиз ободончилик ишларига қаратилган.  Шу боис, ҳар куни тонг саҳардан кўчама-кўча кезиб, маҳаллаларни обод этиш ҳаракатидамиз. Барча юмушларни маҳалла фаоллари билан ҳамжиҳатликда олиб бормоқдамиз.

Дарҳақиқат, туманда бугунги кунда барча маҳаллалар обод гўшаларга, кўркам масканга айланиб, намунавий хонадон ва кўчалар сони ортиб бормоқда. Натижада одамларимизнинг ўз ҳаётига бўлган ишончи юксалиб, яшашга, келажакка бўлган интилиши кучаймоқда. Зеро, ободлик бор жойда, файзу барака, ривожланиш бўлади.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+