Янгиликлар 641
«Маҳалла- тинчлик ва осойишталик пойдевори»
Маълумки, асрлар давомида ўзбек халқининг маънавий-ахлоқий урф-одатлари, жамоатчилик фикри ҳамда ўзига хос дунёқараши маҳаллада шаклланиб келган. Ёш авлод тарбияси, оила юритиш санъати, қўшничилик хислатлари мана шу маданият, одатлар ва анъаналар асосида олиб борилган.
Олот туманидаги «Қиртай» маҳалласида «Маҳалла тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир» шиори остида маънавий-маърифий тарғибот тадбири ўтказилди. Тадбирда туман ҳокимининг Хотин қизлар ишлари бўйича ўринбосари, Ўзбекистон «Адолат» СДП Олот туман Кенгаши, Миллий гвардия ходимлари, туман ИИБ ходимлари ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Олот туман бўлинмаси раҳбари иштирок этди.
-Акбар Қорёғдиев, «Адолат» СДП Олот туман Кенгаши раиси:
-Маҳалла маънавият маскани, аҳиллик қўрғонидир. Оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, жамиятда меҳр-оқибат ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлашда маҳалланинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Маҳалламизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш билан бирга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар таълим-тарбияси, оилаларни мустаҳкамлаш, бандлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу вазифаларни амалга оширишда маҳалла қошидаги комиссиялар ҳамда кекса авлод вакиллари тажрибасидан самарали фойдаланилмоқда. «Оила – маҳалла – таълим муассасаси» ҳамкорлик механизми, айниқса, ёшлар тарбиясида ота-оналарнинг масъулиятини ошириш, ёшларни турли ёт ғоя ва иллатлардан ҳимоялашда муҳим аҳамият касб этаётир. Давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида турли хилдаги тадбир ва танловлар ҳам ташкил қилинса ёшлар тарбиясида самарали бўлади деб ўйлайман.
Шунингдек, тадбир давомида бугунги давр ёшлари тарбияси, оилалар ўртасидаги зиддият ва низоли ҳолатлар шунингдек, ёз мавсумида болаларнинг вақтини мазмунли ўтказиш бўйича турли тадбир ва танловлар ташкил қилиш масалалари ҳам айтиб ўтилди.
Баҳс-мунозара тарзида ўтказилган тарғибот тадбирида «Қиртай» маҳалласидан жами 124 нафар аҳоли вакиллари иштирок этдилар.
Моҳигул Раҳимқулова,
«Адолат» СДП
Бухоро вилояти Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг