Янгиликлар 1585
Маҳалла - ёшлар тақдирида
“Адолат” СДП Оққўрғон тумани Кенгаши ташаббуси билан туман Маданият бўлими, "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди ҳамкорлигида партиянинг “Юрт ободлигига даҳлдормиз” лойиҳаси доирасида “Қаҳрамон” маҳалла гузарида “Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида маҳалла ҳудудидаги 1 ва 44-мактабларининг 9-11-синф ўқувчиларидан иборат жамоалар тўртта шарт асосида ўзаро беллашишди.
Аввало, иштирокчилар ўз маҳалласи ҳақида, ёшларнинг жисмонан соғлом, маънавий етук бўлиб вояга етишида маҳалланинг тутган ўрни тўғрисидаги тақдимотларни слайдлар ёрдамида намойиш этди. Улар маҳалла институтининг тарихини ўзлари истиқомат қилаётган маҳаллалар мисолида баён қилдилар.
Кейинги шартда маҳалла фаолияти, ёшлар тарбияси ҳамда “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизмини кучайтириш, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда маънавиятга оид билимлари синаб кўрилди. Сўнгги шартда иштирокчилар ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, четдан кириб келаётган турли зарарли таъсирлар, “оммавий маданият” остидаги хатарлардан асраб-авайлаш ва бу борада миллий қадриятларимизнинг ўрни ҳақидаги иншолари билан қатнашди.
– Бу ерда биз ўзимиз яшаётган маҳалла ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиш баробарида, туманимиздаги илғор фуқаролар йиғинлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишдик, қизиқарли маълумотларга эга бўлдик, - дейди беллашув иштирокчиси О.Салимова. - Шу билан бирга, янги дўстлар орттирдик. Муҳими, маҳаллага бўлган меҳримиз янада ошди.
– Кўрик-танловнинг учинчи шарти бўйича “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” мавзуcида иншо ёздим, - дейди 44-мактаб ўқувчиси С.Анварова. - Унда ўзим истиқомат қилаётган маҳаллам фаолияти мисолида юртимизда ёшларнинг маънан ва жисмонан етук инсонлар бўлиб камол топишига қаратилган юксак эътибор ҳамда яратилган шароитларни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Менимча, бу каби танловлар маҳалла ёшлари ўртасида маънавий муҳитни яхшилаш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этишда айни муддаодир.
- Бугунги тадбирда ўқувчи-ёшлар фаол қатнашди, - дейди Халқ депутатлари Оққўрғон туман Кенгаши депутати А.Қурбонов. - Муҳими, бу ерда улар маҳалла тарихи, миллий урф-одат ва қадриятларимиз ҳамда четдан кириб келаётган зарарли хуружлардан ҳимояланиш билан боғлиқ билим ва кўникмаларини бойитиш имконига эга бўлди. Иштирокчиларнинг тақдимотларида, асосан, буюк аждодларимиз билан ғурурланиш ҳисси, бу борада юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунида ғолиб жамоалар партиянинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Хуршид ТУДИҚУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Оққўрғон тумани Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг