Янгиликлар 1321
Маҳаллада бепул тиббий кўрик ташкил этилди
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сурхондарё вилоят Кенгаши ва Термиз шаҳар Кенгаши, шаҳардаги “Саховат” МФЙ ҳамда шаҳардаги 3-сонли оилавий поликлиникаси ҳамкоригида шаҳардаги “Саховат” маҳалласи аҳолиси учун бепул тиббий кўрик ташкил қилинди. Маҳалла идорасида ўтказилган поликлиниканинг малакали шифокорлари жалб этилган мазкур тиббий кўрикда Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутатлари, партия вакиллари ва поликлиника шифокорларидан таркиб топган кўнгиллилар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди.
Таъкидлаш керакки, айни кундаги турли касалликлар аҳоли ва кекса ёшдагилар соғлигига жиддий хавф солиши ҳақидаги маълумотлар кун тартибига чиқиб турган бир вақтда соғлиқни сақлаш соҳасига янада эътиборни кучайтириш бўйича давлатимиз тарафидан аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда. Бугунги кунда ҳам огоҳликни бир зум йўқотмаган ҳолда ушбу амалий ҳаракатларнинг бажарилиши узвий давом эттирилмоқда.
Хусусан, мазкур тиббий кўрикларнинг бепул ташкил этилиши аҳоли учун ҳар томонлама қулайликларни юзага келтиради. Терапевт, невролог, отолоринголог, кардиолог каби юқори малакали мутахассис шифокорлар мазкур тиббий кўрикда кун давомида етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган жами 80 га яқин талабгор беморларни тиббий кўрикдан ўтказдилар. Тиббий кўрик вақтида ультратовушли тиббиёт ускунаси ёрдамидан ҳам унумли фойдаланилди. Барча аниқланган кўрсаткичлар бўйича аниқ ташхислар қўйилиб, муолажалар белгиланди.
Шунингдек, шифокорлар оғир бўлиб ётиб қолган беморлар хонадонларига ҳам ташриф буюришди. Текширувлар жараёнида аниқланган жиддий касалликлар бўйича беморларга бепул йўлланмалар ташкил қилинадиган бўлди.
Оқилхон Амонтурдиев, “Саховат” МФЙ фуқароси:
-Маҳалла аҳолиси кўрик давомида зарурий йўналишдаги шифокорлар қабулида бўлишиб, кўчма тиббий анжомлар ёрдамида текширувлардан ўтказилди. Зарур бўлганда, бепул дори-дармон, малакали шифокорлар томонидан зарурий маслаҳатлар берилди. Бундан ташқари, тиббий кўрик давомида маҳалладаги ногиронлиги бор фуқароларни уйма-уй юриш орқали кўрикдан ўтказилди.
Маҳаллалардаги кекса инсонлар ҳолидан хабар олиш учун мана шундай кўчма тиббий гуруҳлардан, билимдон шифокорлардан бениҳоя миннатдормиз. Инсон учун энг муҳими, унга кўрсатилаётган эътибордир. Эътибор ва эҳтиром бор жойда инсоннинг кўнгли тоғ янглиғ юксакларга кўтарилади, меҳр кўрган киши ҳар қандай дарддан тезда фориғ бўлади.
Мазкур ўтказилган тиббий кўрик, муолажалар, бепул дори-дармонлар — халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, дардмандларга тезроқ кўмак бериш, юртдошларимиз орасида меҳр улашиш каби эзгу ниятларни жамлаганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Гулшод Турсоатова,
Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг