Маҳаллада дув-дув гап

11.05.2022 15:05:26

Бугун қайси бир маҳаллада бўлманг дув-дув гап. Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеликлардан бири — маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг навбатдаги сайлови ҳақида.

Хўш, бу жараён биз учун қанчалик муҳим? Агар  ҳар бир фуқаро ўз оиласи, маҳалласи ва қишлоғининг бугуни ва эртасига бефарқ бўлмаса, албатта, ушбу сайловга ва унда кўрсатилган номзодларга эътиборсиз бўлмайди. Уларнинг кимлигини сўраб-суриштиради, жараён қандай кетаётганлиги билан қизиқади. Негаки, у яшаётган маҳалланинг тақдири кўп жиҳатдан сайланадиган  раисга боғлиқ. Бугунги кун сиёсати маҳаллаларга катта имконият бермоқда. Фақатгина ақл-салоҳиятни ишга солиб, ушбу имкониятдан маҳалла фаровонлиги ва ободлиги йўлида фойдаланиш  зарур.

Менинг фикримча, маҳалла  йиғини раиси  лавозимига дадил, шижоатли, меҳнатсевар, адолатли, нафси тўқ, бировнинг ҳақидан қўрқадиган, қонунларни яхши билувчи,  масъулиятли ва раҳбарлар олдида бошини эгмайдиган, тилёғламачиликдан  йироқ, қўпол қилиб айтганда, ушлаган жойини узадиган, маҳалласини севувчи, унинг  гуллаб-яшнашини чин юракдан истовчи инсон сайланиши керак.  “Аслида шундай инсон бормикан?”деган  савол туғилиши табиий. Албатта, идеал инсон бўлмайди. Айрим камчиликлардан истисно тариқасида кўз юмиш мумкин.  Лекин нафси оч, бефарқ, дангаса шахсни асло бу лавозимга яқинлаштириб бўлмайди. Ундай кишилар  маҳалла учун фақат зиён келтиради.

Оқсоқолликка икки марта кетма-кет сайланиб ҳам маҳалла учун ҳеч нима қилмаган маҳалла раисини биламан. Чунки у табиатан  ювош, “сен менга тегма, мен менга тегма” қабилида иш кўрар эди.  Эшитишимча, бу аёл ҳокимга ва  раҳбариятга ёмон кўриниб қолишдан қўрққани учун  юқорига фақат сохта ҳисоботлар тақдим қилиб  келган.  Унинг бахтига ўша  ердаги аҳоли ҳам содда, камсуқум бўлиб, ҳақ-ҳуқуқини билишни хоҳламади,  бирон талаб билан чиқмади.

Албатта,   раисликнинг янги талабларида олий маълумотли бўлиши, камида шу ҳудудда беш йил яшаши, бирон фаолият тури билан шуғулланган бўлиши керак, деган  бандлар қайд этилган.  Ёш  чегараси белгиланмаган. Бу тўғри қарор. Чунки яхши раис бўлиши учун, у  албатта,  маълум бир ёшдан ошган бўлиши шартмас.  Муҳими, унинг виждони, ўз олдига қўйилган мақсадни тўғри англаб етиши ва ҳаракатида. Халқимиз ҳам бу сайловнинг моҳиятини теран тушуниб, муносиб шахсларга овоз бериши керак. Биргина ўзининг шахсий манфаати йўлида қариндоши ёки  танишининг номзодини тарғиб қилиб, уни қўллаб-қувватлаши оқибатида номуносиб  шахсларни оқсоқол бўлиб қолишига  имкон яратмасин. Буларнинг барчаси менинг шахсий фикрим.  Хўш, сизнингча қандай инсон маҳалла оқсоқоли бўлиши керак?

 

Йигитали Бекбоев,

Халқ депутатлари Хўжаобод туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+