Янгиликлар 1949
Маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун семинар
Ўқув семинаридан кўзланган мақсад маҳаллий Кенгашлар депутатларининг ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий билимларини янада мустаҳкамлаш, ўз фаолиятларини тўғри ташкил этиш, аҳоли билан самарали мулоқот олиб бориш борасидаги кўникмаларини шакллантиришдан иборат.
Депутатлар эътиборига тақдим этилаётган ўқув дастурида Мурожаатномада белгиланган устувор вазифалар, жойлардаги маҳаллий вакиллик органлари, уларнинг доимий комиссиялари ва депутатлари фаолиятини самарали ташкил этиш, сайловчилар ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш, қонунлар ижросини таъминлаш ва уларни тарғиб қилиш каби мавзуларда машғулотлар ўтказиш кўзда тутилган.
Жумладан, биринчи семинар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифаларга, уларни амалга оширишда вакиллик органларининг ўрнига бағишланди.
Таъкидланганидек, Мурожаатномада Президентнинг мамлакатни яқин истиқболда ривожлантиришга доир стратегик йўналишлар бўйича нуқтаи назари баён қилинади.
Мурожаатномадаги янги ғоя кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бораётган ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда депутатларнинг янада фаол, янада ташаббускор бўлишига эришиш муҳим эканлигини таъкидлаб ўтилди.
Шу жиҳатдан маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида Кенгаш сўрови институти ва бошқа янги механизмларнинг жорий этилиши аввало, маҳаллий Кенгаш ижро ҳокимиятидан мустақил ишлашига замин яратади. Маҳаллий кенгаш ижро ҳокимиятидан ҳоли ишлаганда ҳар бир депутатдан мавқеи, вазифалари, масъулияти нимадан иборат эканлиги бўйича қўшимча билим ва тажриба талаб этилади.
Шунингдек, ўқув семинарлар доирасида иштирокчилар учун бир қатор мавзуларда махсус тренинглар ҳам ўтказиш назарда тутилган.
Мазкур ўқув семинарлари депутатларга ҳам назарий, ҳам амалий дастуриламал бўлади.
Дониёр ЮСУПОВ,
Халқ депутатлари Қибрай туман Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг