Маҳаллий кенгашлар раислари учун ўқув семинари ўтказилди

15.08.2024 09:08:21

Юртимизда муҳим сиёсий жараён бўлиши кутилаётган бир вақтда сайлов ва у билан боғлиқ  тарғибот ишларини янада жонлантириш барчамиздан бирдек масъулият талаб этади. Чунки бўлажак сайловларда муҳим ташаббус ва таклифларни илгари суриш, депутатликка муносиб номзодларни тавсия қилиш учун ҳудудий ва маҳаллий кенгашлар раисларининг ўзи билимли, тажрибали ҳамда ташаббускор бўлиши лозим.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон вилоят Кенгашида маҳаллий кенгашлар раислари учун ташкил этилган ўқув семинар айни шу мақсадга қаратилди. Унда партия етакчилари билан бирга ҳуқуқшунослар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Семинарда таъкидланганидек, жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловлар барчамиз учун ўзига хос синов демакдир. Сайлов кодексига киритилган янги нормаларга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар ва пропорционал сайлов тизими асосида ўтказилади. Бу жамиятда сайловчиларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада оширишда катта аҳамиятга эга.  Сайловчи сиёсий партиялар фаолиятини ўрганиш билан бир вақтда номзодларнинг шахси, дастури, ғоялари билан яқиндан танишгач, ўз танловини амалга оширади. Аниқроғи, ўзи лозим топган номзодни ва сиёсий партияни қўллаб-қувватлайди.

Сайловчилар ишончини қозониш учун партия етакчиси ва фаоллари жамоатчилик орасида тарғибот ишларини кучайтириши, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар билан таништириши лозим. Номзодларни сайловчилар орасига кириб боришга тайёрлаш ҳам партия фаолларига боғлиқ.

– Республикамизда биринчи бор ўтказилаётган аралаш сайлов тизимида сиёсий партияларнинг масъулияти янада ортди, -дейди «Адолат» СДП Избоскан туман Кенгаши раиси Дилфуза Аҳмедова. – Қайси партия ўз дастури орқали мақсадлари, жозибадор ғояларини ифода этиб, уларни рўёбга чиқариш учун имкониятларга эга эканига халқни ишонтира олса, бунинг учун муносиб ҳаракат қилса, сайловчиларнинг кўпроқ овозини олишга эришади. Ўз ўрнида номзодларни танлашда ҳам адашмаслигимиз керак. Сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти ҳам ошган. Демак, улар сайловда шунчаки овоз бермайдилар. Юртдошларимизнинг бизга бўлган ишончи, партиямизнинг танилувчанлиги жараёнда яна бир бор  ўз ифодасини топади.

Семинар якунида ҳуқуқшунослар томонидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

 

«Адолат» СДП

Андижон вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+