Янгиликлар 3224
Маҳорат ва меҳр билан даволаётган шифокор
Бугун юртимиз бошига тушган синовли кунларда барчамиз карантин қоидаларига сўзсиз риоя этишимиз, сабабсиз уйдан чиқмаслигимиз зарурлиги айтилаяпти.
Кўзга кўринмас бу бало - коронавирус билан тўғридан-тўғри тиббиёт ходимлари курашаяптилар. Улар орасида ўнлаб Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари ҳам бор. Академик Ё.Х.Тўрақулов номидаги республика ихтисослаштирилган эндекринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали директори Бобур Қодирович Тешаев ҳам ана шундайлар сирасидан У ўз розилиги билан Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти ётоқхонаси ўрнига ташкил этилган янги шифохонада кун-у тун хизмат қилмоқда.
-Шифокор Бобур Тешаевнинг беморга қараши, муносабати ва даволаш услубларидан ҳар қандай хастанинг ҳам кўнгли яйрайди,-дейди у даволаган беморлардан бири Алиёр Жўраев.
-Беморлар дардига малҳам бўлаётган Бобур Тешаевнинг ўз касбига садоқатини, касалларга бўлган меҳр-мурувват ва шафқат ҳисларини биз ҳамиша сезиб турамиз, - деди бошқа яна бир у даволаган бемор Интер-инжиниринг компанияси ишчиси Ассалом Соҳибов.- У киши аввало сўз билан, ширин муомала билан, сўнгра дори-дармон ва турли даволаш воситалари билан коронавирусни юқтириб олган юртдошларимизнинг умрларини узайтиришга катта ҳисса қўшмоқдалар. Ширинсуҳан, дилкаш ва меҳрибонликларидан мамнун бўлдик. Ҳар бир муолажанинг натижаси билан қизиқишлари, у кишининг ўз касбига меҳр қўйганлигидан далолат бериб турибди. Шунингдек, Ҳамро Жиянов, Сиддиқ Ҳолиқов каби беморлар ҳам, “нажот фариштаси”дан шифо топишган.
Дарвоқе, Президентимиз томонидан ўтказилган 2020 йил 23 июль кунги видеоселектор йиғилишларида ҳам мамлакатимизда коронавирусга чалинганларни аниқлаш, уларни даволаш, карантин ишларида тиббиёт ходимлари алоҳида фидоийлик кўрсатишаётганини эътироф этган эдилар.
-Муҳтарам Президентимиз томонидан биз тиббиёт ходимларининг оғир меҳнати муносиб баҳоланиб, давлатимизнинг орден ва медаллари берилаётгани, меҳнатимизга қўшимча маблағлар тўланаётгани бу мустақил Ўзбекистонда инсон меҳнати қадрланишининг яна бир намунаси дея оламан,- дейди Бобур Тешаев.- Оммавий ахборот воситаларида яқиндан эълон қилинган Президентимиз Фармонига асосан мукофотланганлар орасидан 4 нафар тиббиёт ходими “Жасорат” медали билан тақдирланди. Бу ҳам биз шифокорларни кучимизга куч қўшади.
Шу кеча кундузда ҳар бир фуқаро бу касалликни ўз оиласига олиб кирмаслиги учун курашаётган пайтда тиббиёт ходимлари меҳнати давлатимиз раҳбари алоҳида қайд этганларидек, ҳар қанча таҳсинга лойиқ.
-Ҳар бир инсон ҳам ўзини, ҳам давлатимизни асраши учун карантин қоидаларига қатъий амал қилиши лозим, - деди Бобур Тешаев.- Бизга берилган бу ҳаётнинг ўзи ҳам бир неъмат эканлигини унутмайлик. Барча юмушларимизни хавфсизлик ва санитария қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда давом эттирсак, синовли кунлар албатта ортда қолади.
Фидокорона меҳнатларидан раҳмат, ташвишларидан қувонч топаётган бу шифокор айни пайтда аҳоли ўртасида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини ҳам олиб бормоқда. Дарднинг совуқ чангалидан одамларни тезроқ ҳалос қилиш учун бор билим ва қўлидан келган барча чораларни кўраяпти.
Биз Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ана шундай жонкуяр, ватанпарвар, халқпарвар, юрт корига ярайдиган аъзолари кўпаяверсин, дея ният қилдик. Шууримизда эса Президентимизнинг “Коронавирус пандемиясига қарши курашда шифокорлар қаҳрамонлик кўрсатишаяпти” деган сўзлари чарх урди. Тўғрисини айтсак, бу сўзларнинг амалдаги ифодасини шифокор Бобур Тешаев тимсолида кўргандай бўлдик.
Руйиддин Раупов, Комил Сахатов
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши фаоллари
Фикрингизни қолдиринг