Махсус ишчиларга махсус кийим беринг!

16.04.2020 18:04:54

Дунё бўйлаб тарқалган коронавирус инфекцияси бугунги кунга келиб инсоният учун кўринмас ёвга айланди. Бу жараёнда ҳар бир кишининг санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиши оиласи, қўни-қўшни, маҳалла ва мамлакатни бу бало гирдобидан тезроқ қутқаришда муҳим аҳамият касб этади.

Сергели туманидаги Қўйлиқ мавзесида ҳар куни деярли бир хил вақтда Махсус транс ишчилари маиший чиқиндиларни олиб кетишади. Барака топишсин. Лекин уларнинг санитар хавфсизлигин ким ўйлайди? Наҳотки ишчиларга ҳам махсус санитар кийими бериш қийин бўлса?! Коронавирус деган бало чиқиндиларда бўлмайдими? “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасининг оддий ишчиларини хавф гирдобидан ким қутқаради? Улар ҳам оиласи бағрига қайтишдан олдин тиббий-санитар қоидаларига мувофиқ тарзда дезинфекция қилинадими?

Ушбу ишчиларни полиэтилен целофандан тикилган махсус кийим, сифатли ниқоб, антисептик воситалар билан таъминлаш, Давлат санитария-эпидимиология маркази ходимлари томонидан ишчиларни дезинфекция қилинишини таклиф қиламан.

Шунингдек, соғлиқ учун хавфли ва меҳнат шароитлари ўта хавфли бўлганлиги муносабати билан Махсус транс оддий ишчиларининг тариф ставкаларига қўшимча тўловлар тўланса ҳам яхши бўлармиди, дейман-да. Ёки уларга бир марталик пул мукофотларини бериш керак. Улар ҳам бугунги кун қахрамонлари сирасига киради.

Ҳурматли фуқаролар, соҳа ходимларининг беминнат меҳнатини қадрлайлик, кўрсатилаётган хизматлари учун белгиланган тўловларни ўз вақтида амалга оширишни пайсалга солмайлик. Ваҳоланки, бу ахборот-коммуникациялари ривожланган ҳозирги пайтда ўта мураккаб иш эмас. Тўловларни “CLICK”, “PayMe” ва “PAYNET” мобил иловалари орқали онлайн тўлаб юборса ҳам бўлади.

Агар бу ислоҳотлар амалга оширилса, чиқинди билан боғлиқ ишларда меҳнат қилаётган, аҳоли пунктларида турли хил юқумли ва инфекцион касалликларнинг олдини олаётган ишчиларнинг ҳам хавфсизлиги таъминланарди.

 

Илхом ДЖУРАЕВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

Марказий аппарати сектор мудири

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+