Янгиликлар 2410
Мактаб ичимлик суви билан таъминланди
Ҳудудларда ҳақиқий аҳволни ўрганиш, очиқ мулоқотлар ўтказиш орқали аҳолини ўйлантираётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш чоралари кўрилаётгани фуқароларнинг турмуш шароити яхшиланиб бораётганида ҳам ўз аксини топмоқда.
Халқ депутатлари Музработ тумани Кенгаши депутати Жамшид Амонов ҳам ўз сайловчиларини қийнаб келаётган муаммоларини ўрганиб ҳал этиш чора-тадбирларини кўриб келмоқда.
Хусусан, депутат тумандаги аҳоли билан бўлган юзма юз мулоқотларда ҳудудда, айниқса, тумандаги умумтаълим мактабларида ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар қийнаётганлигидан шикоят билан мурожаатлар бўлди.
Сув келтирган элда азиз, дейдилар. Депутатимиз маҳалла аҳлининг талабларидан келиб чиқиб, ҳудудда ичимлик сув муаммосини ҳал этишга бел боғлади.
Натижада, аҳолини 20 йилдан бери қийнаб келаётган муаммо депутатнинг тинимсиз ҳаракатлари натижасида ҳал этилди. Тез орада депутатимиз томонидан “Меҳнатобод” маҳалласида жойлашган 3-сон умумий ўрта таълим мактабига ичимлик сув келтирилди. Жами узунлиги 300 метрли сув қувурларини депутат ўз ҳисобидан ўтказиб мактаб ўқувчиларини тоза ичимлик суви билан таъминлади. Муаммонинг ечим топганидан қувонган маҳалла аҳли ва мактаб жамоаси бугун депутатимизга чин дилдан миннатдорчилик билдиришмоқда.
Хайрулла Кенжаев, тумандаги 3-сон ўрта умумтаълим мактаби директори:
Неча йиллардан бери ичимлик суви муаммоси бизни қийнаб келаётган эди. Авваллари неча бор шу масала кўтарилган аммо ечим топмаган. Бугун ўзимиз сайлаган ёш, шижоатли депутатимиз масала ечимида катта ғайрат кўрсатди. Қулайликлар яратилиши мушкулимизни осон қилди. Тўғрисини айтганда сув ташиш учун ҳам гоҳо ўқитувчиларимиз билан бирга ўқувчилар ҳам банд бўлардилар. Кунда 2 ёки 3 маҳал узоқ масофадан сув ташиб келишарди. Мактабимизга обиҳаёт кириб, уларга ҳам енгиллик бўлди. Биз ҳам, улар ҳам ҳурсанд. Депутатимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Бугунги кунда партия депутатлари, фаоллари ҳукуматимиз ва партия белгилаб берган вазифалар ижросида фаолликларини намоён этиб халқ ишончига сазовор бўлишмоқда.
Ориф АЛЛАБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Музработ туман
“Ёш адолатчилар қаноти” Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг