Янгиликлар 1813
Мактаб ошхоналари – партия назоратида
Айниқса кейинги йилларда мамлакатимизда умумтаълим мактабларида ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни янги даражага кўтариш, ўқув-тарбия жараёнига таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бунинг учун биринчи навбатда умумтаълим мактаблари учун халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда янги турдаги мактабларни барпо этиш ва муқаддам қурилган янги биноларни замонавий мактаб намунасига мослаштиришни таъминлаш, уларнинг ўқув хоналари ва лабораторияларини замонавий мебель, жиҳозлар, ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультимедиа техникалари умуман олганда мактаб учун нима зарур бўлса барчасини таъминлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилганлиги сир эмас.
Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида умумий ўрта таълим сифатини тубдан яхшилаш билан бирга келажагимиз бўлган мактаб ўқувчиларининг ҳам саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Бу вазифаларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш юзасидан қатор партия лойиҳалари ижрога йўналтирилган.
Ушбу вазифаларидан келиб чиққан ҳолда партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши учун ошхоналар ва буфетларнинг бугунги аҳволини ўрганиш таклифи билан чиқди ва таклиф партия Сиёсий Кенгаши томонидан маъқулланиб чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Шу чора-тадбирлар асосида партиянинг маҳаллий Кенгаши ходимлари ва депутатлари таркибида ишчи гуруҳлар тузилиб ўрганишлар олиб борилди ва тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилиб маълумотлар олинди.
Натижада бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида жами 727 мактаб мавжуд бўлиб, 338 мактабда ошхоналар мавжуд, улардан 165 таси фаолият кўрсатади, 147 таси таъмирталаб ва 389 мактабда ошхоналар мавжуд эмаслиги аниқланди. Уларни шаҳар ва туманлар кесимида таҳлил қилиб қараганимизда Нукус шаҳрида жами 53та мактабнинг 9 тасида, Амударё туманида 87та мактабнинг 59 тасида, Беруний туманида 72та мактабнинг 30тасида, Қораўзак туманида 33та мактабнинг 16тасида, Кегейли туманида 38та мактабнинг 28тасида, Қўнғирот туманида 49та мактабнинг 19тасида, Қонликўл туманида 23та мактабнинг 12тасида, Муйноқ туманида 17та мактабнинг 10тасида, Тахтакўпир туманида 23та мактабнинг 10тасида, Тўрткул туманида 67та мактабнинг 31тасида, Хўжайли туманида 44та мактабнинг 27тасида, Чимбой туманида 48та мактабнинг 30тасида, Шуманой туманида 33та мактабнинг 19тасида, Элликқаъла туманида 72та мактабнинг 57тасида, Нукус туманида 31та мактабнинг 17тасида, Тахиатош туманида 22та мактабнинг 8тасида ва янги очилган Бўзатов туманида эса 15та мактабнинг 7тасида мактаб ошхоналари умуман йўқ.
Шунингдек, мактаблардаги ошхона ва буфетлар уч томонлама шартнома асосида тадбиркорларга берилиши маълум бўлди. Шундай экан, келгусида шу каби муаммоларни ҳал қилишда тадбиркорларни жалб қилиб, уларга ҳар томонлама шароитлар яратиб беришимиз зарур бўлади. Нима бўлганда ҳам келажагимиз бўлган ёш авлод саломатлиги учун зарур бўлган ҳар бир муаммони ўз вақтида ҳал қилиш чораларини кўришимиз лозим.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг