Мактабгача таълим ташкилоти депутатлар назоратида

07.06.2024 20:06:36

Халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгаши депутатлари ишчи гуруҳи тумандаги 30-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, болажонлар учун яратилган шароитлар, таълим-тарбия олиши, истеъмол қилаётган маҳсулотлар сифати, ошхонада ходимларнинг гигиена қоидаларига риоя қилиш ҳолати, таомнома ва омборхонадаги маҳсулотлари ҳолатлари билан танишдилар. Ўрганишлар давомида ушбу МТТда бир қатор камчиликлар аниқланди ва тегишли ходимларга камчиликларни бартараф этиш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Хусусан, мазкур мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган таҳлиллар давомида таом тайёрлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини сифатли қабул қилиш, сақлаш учун шарт-шароитлар яратилгани, озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар сифатини ўрганиш бўйича комиссия ташкил этилгани, аутсорсинг усулидаги соғлом-овқатлантириш ишлари йўлга қўйилгани маълум бўлди. Ушбу МТТ 100 ўринли бўлиб, боғчада 6 та гуруҳ мавжуд, 2 таси 3-4 соат қисқа муддатли гуруҳга ажратилган. Лекин гуруҳларда 50 фоиздан ортиқ тарбияланувчилар келди-кетди ҳисоби (табель) журналига киритилмаганлиги аниқланди. Тарбияланувчилар учун МТТ бино ҳовлисида жойлашган ўйин майдонларида овқатланиш ташкил этилган.
Ўрганишларда МТТда тарбияланувчиларни соғлом овқатлантириш Мактабгача таълим агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг 2023 йил 23 майдаги «Мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларни соғлом овқатлантиришни ташкил этиш учун ягона мавсумий таомномаларни тасдиқлаш ва амалиётга жорий қилиш тўғрисида»ги қўшма қарорига асосан, «Ягона мавсумий таомнома» асосида овқатлантириш ташкил этилмаганлиги ҳам маълум бўлди.
Мазкур МТТга ҳамкор баъзи озиқ-овқат билан таъминловчи аутсорсинг ҳамда таъминотчи корхоналар санитария қоидалари ва гигиена нормалари талабларига жавоб бермаслиги, маҳсулотларни сақлаш базаси, ташиш транспортлари, озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини кафолатловчи ҳужжатлари, ходимларнинг тиббий кўрик дафтарлари тўлиқ талаб даражасида эмаслиги аниқланди.
Маълумки, мактабгача таълим бўлими томонидан таъминотчи корхоналар ҳар ойда танлаб олиниб, шартнома асосида МТТларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайди. Таъминотчилар электрон тизим орқали танлаб олинмаган.
Ўрганишлар жараёнида ишчи гуруҳ томонидан бошланғич мактабгача таълим ташкилотида болаларни сифатли овқатлантириш тизимини янада яхшилаш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, туманда мактабгача таълим ташкилоти директорлари ҳамда тадбиркорлар иштирокида семинарлар ўтказиш белгиланди.
Ўрганиш якунлари бўйича депутатлик ишчи гуруҳи томонидан эшитув ўтказилиши режалаштирилиб, аниқланган тизимли камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

Дилафрўз Раҳматова,
"Адолат" СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши
мафкуравий ишлар бўйича бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+