Янгиликлар 902
Малакали тиббий хизмат янада такомиллашади
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда мамлакатимиздаги сиёсий ислоҳотларда аҳолининг фаоллигини ошириш, жойларда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини такомиллаштиришга бағишлаб, аҳолини кенг қатламини жалб этган холда тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказиляпти. Уларда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар олиниб, «Адолат» СДПнинг низоми ва сайловолди Дастурларидан келиб чиққан ҳолда таклифлар бериб борилмоқда.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Конституциясини янада такомиллаштириш учун фуқаролардан таклифлар йиғишга бағишланган «Конституцияда тиббиёт ходимларининг масъулият ва вазифаларини янада такомиллаштириш» мавзусида «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказида тадбир бўлиб ўтди.
Унда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари, халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгаши депутатлари , партия фаоллари, «Ёш адолатчилар» қаноти ва кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Тадбирнинг асосий мақсади - Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда мамлакатимиздаги сиёсий ислоҳотларда кенг жамоатчилик фаоллигини ошириш, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар олиш эди.
Тадбирни «Адолат» СДП вилоят Кенгаши раиси Руиддин Раупов кириш сўзи билан очди. Сўнгра тадбир иштирокчилари Ўзбекистон «Адолат» СДП вилоят Кенгаши бош мутахассиси Дилрабо Чориеванинг «Конституциявий ислоҳотларда тиббиёт ходимларининг масъулият ва вазифалари» тўғрисидаги маърузасини тингладилар.
-Конституцияга бугунги кун талабларидан келиб чиқиб киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар айни вақтида ўз аҳамиятига эгадир,-деди Дилрабо Чориева,- Демак, мамлакатимизнинг Асосий қонунини янгилаш бўйича ташаббус ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Кенг жамоатчилик орқали билдирилаётган фикрларнинг аксарияти бугунги кунда асосий Қомусимизда акс этиши керак бўлган моддаларни ташкил этмоқда. Айниқса, IX БОБ, шунингдек, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар бобидаги 40-моддасида Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга, деб белгилаб қўйилгани етарли бўлмаётир. Бугунгичалик халқ тиббиёт ходимларига , уларнинг ёрдамларига муҳтож бўлган эмас. Шу сабабли ушбу моддани янада такомиллаштириб, халқимизга хизмат қилаётган тиббиёт ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда уларнинг масъулият ва вазифаларини ҳам кенгайтириб боришни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.
Шунингдек, тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Қўйли Нарзуллаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзоси Мадина Аллабердиева, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Ҳаққул Ишимовлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар
Тадбир якунида билдирилган барча таклиф ва мулоҳазаларни Конституциявий комиссияга жўнатишга қарор қилинди.
Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё
вилоят Кенгаши матбуот хизмати.
Фикрингизни қолдиринг