Янгиликлар 3560
Мамлакат тараққиёти асоси
Уч йил. Мевали дарахт учун илк нишоналарини берадиган, кичкина гўдак оёққа туриб нутқи шаклланадиган муддат. Бу даврнинг давлат сиёсати давридаги ислоҳотлардаги ўрни кўплаб сиёсатчилар учун жуда қисқа давр ҳисобланади. Мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотларга назар ташлар эканмиз уларнинг барчаси шу давр оралиғида амалга оширилганига ишониш қийин. Бизни ҳайратга соладиган яна бир жиҳати шундаки, ислоҳотлар фақат маълум бир соҳалардагина эмас, ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида амалга оширилганидир. Ўзингиз ўйланг соғлиқни сақлашдан тортиб, таълим, мудофаа, виждон эркинлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, энергетика, ташқи сиёсатгача бўлган ўзгаришларни ҳали яна кўплаб соҳаларда келтиришимиз мумкин.
Биргина таълим соҳасини оладиган бўлсак, соҳага ўтган давр мобайнида биринчи маротаба тизимли ёндашилганини кўришимиз мумкин. Яъни таълим ва тарбияни бир кун, бир дақиқага ҳам кечиктириб бўлмайди тамойилига асосланиб, фарзандларимиз таълимининг барча босқичларини қамраб олувчи мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, ўрта махсус таълим, олий таълим, илмий фаолият каби соҳаларнинг ҳар бирига алоҳида ёндашилди.
Чунки, мамлакатнинг эртанги тараққиёти бугун болалар боғчаларида, мактабларда ёки олий ўқув юртларида фарзандларимизга қандай таълим-тарбия бераётганимизга боғлиқдир.
Давлатимиз раҳбари президентлик фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб юртимизда инновацион ва креатив фикрлайдиган, замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Буни биз қисқа вақт мобайнида Президентимиз томонидан халқ таълими тизимига оид 6 та фармон ва қарор, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори қабул қилиниб, бу соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари мустаҳкамланганида ҳам кўришимиз мумкин. Натижада сўнгги уч йилда 157 та умумтаълим мактаби янгидан қурилди, халқ таълими тизимига 12 минг 871 нафар эркак ўқитувчи қайтди, ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўртача 2,5 баробар оширилди, нафақа ёшида фаолиятини давом эттираётган ўқитувчиларга пенсияси тўлиқ миқдорда берилмоқда.
Ота-оналар, жамоатчиликнинг истаклари инобатга олиниб, юртимизда 11 йиллик мактаб таълими тизими тикланди. Сўнгги уч йилда юртимизда 157 та умумтаълим мактаби янгидан қурилди.
Улуғ алломаларимиз – Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева номлари билан аталган ижод мактаблари, “Темурбеклар мактаби”, Президент мактаблари, хусусий мактаблар сингари янги ва замонавий намунадаги таълим даргоҳлари ташкил этилди
Бугунги кунда мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида тизимли ислоҳотлар давом эттирилмоқда. Хусусан, мазкур соҳада хизмат қилаётган ўқитувчи ва мураббийларнинг нуфузини ошириш катта эътибор қаратилмоқда, уларнинг ойлик маошлари бир неча баробар оширилиб, моддий ва маънавий рағбатлантиришга ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда.
Буни жорий йилнинг 23 август куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида яна бир бор ўз исботини топди. Йиғилишда таъкидланганидек, ҳали бу соҳада қиладиган ишларимиз етарлича. Энг асосийси бу соҳадаги вазифалар қайсидир соҳанинг вазирлик ёки ташкилотнинг саъйи ҳаракати билан эмас, умумхалқ ҳаракати билан амалга ошириладиган ишлардир. Зеро, таълим ва тарбия мамлакат, миллат келажагини ҳал қилар экан, унга кимлардир эмас барчамиз масъул бўлишимиз лозим бўлади.
Фазлитдин ЗИЯЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Марказий аппарати бўлим мудири

Фикрингизни қолдиринг