Маънавий тарбия ҳал қилувчи мезон

11.03.2022 13:03:16

Ўзбекистон "Адолат" СДП Шеробод туман Кенгаши ташаббуси билан  ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, туман  ИИБ, Шеробод туманлараро иқтисодий суди билан ҳамкорликда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги Шеробод Агросаноат техникумида "Ёш авлодни ёт ғоялар қуршовидан асрайлик!" мавзусида тадбир бўлиб ўтди.Тадбирда туман Кенгаши ходимлари ва депутатлар, ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими вакиллари, туман ИИБ ходимлари, туманлараро иқтисодий суди вакиллари, техникум ўқитувчи-педагоглари ҳамда талаба ёшлар иштирок этишди.

Тадбирни партия Шеробод туман Кенгаши раиси Қарши Алланазаров очди ва иштирокчиларни тадбирдан кўзланган асосий мақсад ва вазифалар хусусида тушунтириб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар жамиятимизда турли ахборот хуружлари, маънавиятимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан мафкуравий иммунитетни шаклланиши учун ёшликданоқ буюк алломаларимиз ҳаёти, инсоний фазилатлари ва илмий меросларидан ибрат олиши, халқимизнинг миллий маънавияти, оила қадриятлари асосида тарбияланиш муҳим аҳамиятга эгалиги хусусида гапириб ўтишди. Зеро, ҳар қайси давлатнинг ёшлари унинг эртанги кунини, тақдирини белгиловчи куч саналади. Шундай экан, мафкуравий иммунитет ёшларнинг маънавий тарбиясида ҳал қилувчи мезон эканини назарда тутиб иш олиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Абдусахат Нодиров, Шеробод туман ички ишлар бошқармаси вояга етмаганлар билан ишлаш психологи:

­Кўпгина ҳолларда экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилишини инобатга олсак, дунё аҳолисининг 2 миллиарддан ортиқ нафарини ташкил этувчи ёшларнинг таълим-тарбияси сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлигини белгиловчи мезон эканлигини чуқур англаймиз.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олиш долзарб вазифа саналади ва ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш муҳим вазифа ҳисобланади.

Миллий маънавиятимиз чуқур тарихий илдизга эга, унга зид бўлган “оммавий маданият” таъсирига тушган ёшлар азалий анъаналарини, миллийлигини ва ўзлигини унутади. Шу боис, турли бузғунчи ғоялар “оммавий маданият” ниқоби остида уларни тўғри йўлдан оғдириш мақсадида, биринчи навбатда, ёшларнинг маънавиятини эгаллашга ҳаракат қилаётганлиги бежиз эмас.Шуни назарда тутиб, ёшлар онгини эгаллашга уринаётган мафкуравий хуружларга қарши курашиш, халқимизнинг миллий қадриятларини, маънавиятимизни асраб-авайлаш давлатимизнинг доимий диққат-эътиборида бўлган муҳим масалалардан биридир. Мамлакатимизда қабул қилинган қатор ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар ёшларни маънавиятимиз, соғлом турмуш тарзимизга ёт ғоялар, айниқса, “оммавий маданият” таъсирига тушиб қолишдан асрашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам ёшларни юртга садоқат, бой қадриятларимизни қадрлашга чорлаш, улар онгида маънавий бўшлиқ қолмаслигига эришишдир.

Айтиш жоизки, партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланганидек, дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда биз ёшларимизни, ўз фарзандларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишимиз зарурлигини ёддан чиқармаслигимиз керак. Шу нуқтаи назардан партия томонидан ўтказиб келинаётган ушбу йўналишдаги тадбирлар ёшларнинг ахлоқий-руҳий ҳолати тўғрисида аниқ бир хулосаларга келиш, уларнинг мамлакатда яратилган ахборот макони ва ахборот инфратузилмалари борасидаги билим, кўникмалари қай даражада эканини аниқлаш имконини ҳам беради

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан шу каби масалалар хусусида фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилиб, “оммавий маданият»нинг салбий таъсирига қарши курашиш, ёшларда интернетдан фойдаланиш маданиятини кучайтириш, жаҳонда тобора кучайиб бораётган мафкуравий таҳдид ва хатарларни тўғри таҳлил этиб, улардан тегишли хулоса ва сабоқлар чиқаришга қаратилган тадбирларни мунтазам ташкил этиш муҳим вазифа эканлиги таъкидланди.

Тадбир якунида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан тегишлича жавоблар олишди.

Маъруф Салимов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Шеробод туман Кенгаши

 “Ёш адолатчилар қаноти” раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+