Янгиликлар 1687
“Маънавиятли ёшлар-юрт келажаги”
Ўзбек халқи қадимдан ўзининг юксак тарбияси, аҳлоқ-одоби ва маънавияти билан бошқа элат вакиллари ҳурматини қозониб келганлар. Мазкур бебахо қадриятларимизни олий даражага кўтариш мақсадида жорий йил бошиданоқ Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш йўлида жадал ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш борасида давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишда қайд этилган вазифалар ҳозирги кунда мазкур ишларнинг йўл харитаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Айнан юқоридаги вазифалар ижроси доирасида Фарғона вилояти, Қўштепа тумани, 8-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Маънавиятли ёшлар-юрт келажаги” шиори остида вилоят семинари ўтказилди. Байрам тадбири Ўзбекистон “Адолат СДП Сиёсий Кенгаши, вилоят ҳамда Қўштепа туман партия Кенгашлари ҳамкорлигида халқ таълими вакиллари, туман “Оқтепа” маҳалласи фаоллари, ёшлар, ўқувчилар иштирокида кўтаринки кайфиятда олиб борилди.
Тадбир аввалида ўқувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси садолари янгради. Тадбирни мактаб директори Р.Юсупов кириш сўзи билан очиб, тадбир иштирокчиларини кириб келган ёшариш бахор байрами билан табриклади ва маънавий-маърифий ишлар, бешта ташаббус бўйича мактабда олиб борган тадбир жараёнлари билан таништиб ўтди.
Шундан сўнг тадбирда сўз олган партиянинг Фарғона вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Шуҳрат Эгамов мамлакатимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш соҳасида қилинаётган барча ишлар, уларга яратилаётган имтиёз ва имкониятлар, ижтимоий, маънавий–маърифий йўналишдаги фаолият тизимини янгилаш хусусида атрофлича тушунтириш берди.
Тадбир давомида ушбу мактабда “Беш ташаббус” бўйича Хасанбой Турдибоев, Юрсунали Дўлтаев, Иқболжон Турдибоев раҳбарлигида юритилаётган “Мўйқалам” тўгараги фаолияти билан яқиндан танишилди ва иқтидорли ўқувчиларнинг ижод намуналари намойиш этилди. Шу билан бирга тажрибали педагоглар Раънохон Тўланова ва Одинахон Махмудовалар ташаббуси билан экологик маданиятни ривожлантириш бўйича “Гуллар ва қушлар” сайли ҳам ўтказилди.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йил 19 январь кунги ўтказилган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш” масалалари бўйича видеоселектор мазмун-моҳияти тақдимот кўринишида тарихчи Бобуржон Фозилов томонидан батафсил очиб берилди.
Таълим даргоҳида кутубхона фаолиятини ривожлантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш борасида ўтказилган янги китоблар тақдимоти ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун жуда фойдали бўлди.
Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасига қизиққан қизлар, аёллар учун давра суҳбати ҳам ўтказилиб, тўгарак раҳбарлари, Ёшлар иттифоқи етакчиси иштирокчиларни қизиқтирган барча иқтисодий тушунчаларга изоҳ бердилар.
Ранг-баранг тематикага эга бўлган тадбирда иштирокчилар асло зерикмадилар. Чунки, мулоқотлар сўнгида ўқувчилар учун севимли бўлган “Қувноқ стартлар” мусобақаси ҳам бошлаб юборилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Президентимиз томонидан илгари сурилган мухим беш ташаббус нафақат бу мактабда, балки мамлатимиз миқёсида кенг кўламда оммалашиб бормоқда. Умид қиламизки, мазкур ташаббус Қўштепанинг оддий мактаби мисолида ҳали юртимизда кўплаб иқтидорларни кашф этади.
Илхом ҚОСИМЖОНОВ,
Қўштепа туман партия Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг