Янгиликлар 1413
Мангу барҳаёт сиймо
Ҳаётда шундай одамлар бўладики, гарчанд ҳозир орамизда бўлмасада, ҳалол ва фидокорона меҳнатлари туфайли халқимиз уларни ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олади. Шундайлардан бири Чўли Бегимқуловдир.
Чўли Бегимқулов... Бу ном Қашқадарё вилояти аҳлига яхши таниш. Вилоят меҳнат аҳли бу ажойиб инсоннинг эл-юрт фаровонлиги йўлида қилган барча эзгу амалларини ҳамиша фахр ва ифтихор билан тилга олади. Меҳнат Қаҳрамони Чўли Бегимқулов 1902 йилда Қарши туманининг Дашт қишлоғида камбағал деҳқон оиласида таваллуд топган. Чўли Бегимқулов чўлда туғилади, шунинг учун ҳам унга ота-онаси Чўли деб исм қўядилар. Қишлоқ аҳли бу инсоннинг ташкилотчилиги ва ташаббускорлигини ҳисобга олиб, Дашт қишлоғининг биринчи раиси қилиб сайлайдилар.
Қишлоқ коллектив хўжаликни юксалтириш ва деҳқончилик маданиятини оширишда Чўли Бегимқулов зўр ғайрат ва ташаббус кўрсатиб ишлайди. У колхозга қарашли қишлоқларни обод қилиш, пахтачилик, чорвачиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида мутахассис кадрларни тайёрлашга ҳам жиддий эътибор беради. Унинг бу салоҳияти бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг долзарблигидан далолат беради. Дарвоқе, Чўли ота бошлаб кетган барча хайрли ишларни шу кеча- кундузда унинг шогирдлари давом эттиришяпти. Ўз даврида Чўли ота вилоят меҳнат аҳлининг ҳам устози ва мураббийси эди.
Чўли Бегимқулов нафақага чиққандан кейин ҳам ўзи раҳбарлик қилган колхознинг ишлаб чиқаришига фаол қатнашиб, қимматли маслаҳатлар берган эди. Унинг фидоий меҳнатини ҳисобга олган вилоят аҳли ҳозирги вақтда “Чўли Бегимқулов” хўжалигини “Чўли ота” номи билан юритаяпти.
Ҳа, Чўли Бегимқулов халқ бахт саодати йўлида ҳақиқатдан ҳам мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатди. Коллектив хўжаликларини тузиш ва мустаҳкамлаш йўлида кўп ишлар қилди. Халқ унинг мардонавор хизматларини унутмади. Чўли отанинг бевосита саъй-ҳаракатлари эвазига собиқ “Ленинизм” совхозининг қўриқ ерлари ўзлаштирилиб, кенгайтиришга муваффақ бўлинди.
Дарҳақиқат, қашқадарёликларгина эмас, Ўзбекистонда ҳам Чўли отани жуда кўп кишилар билишарди, ҳурмат қилишарди. Кексалар отани “Ҳизр кўрган одам” деб айтишарди. Чиндан ҳам эл-улус отанинг хушчақчақ, меҳнатсевар, одамохун, беғараз, катта ҳам кичикка ҳам бирдек меҳрибон, дилкаш инсон эканлиги учун у кишини дилдан севарди, ҳурмат қиларди. Мен ҳам шулар қаторида буюк инсонни номи берилган мактабда ёшларга таълим-тарбия бериб келаётганимдан ич ичимдан фахрланиб ифтихор туйғусини туяман. Бу йил мен фаолият олиб бораётган илм маскани ташкил этилганига ҳам 90 йил тўлади. Мана ўтган йиллар оралиғида мактабимиз педагоглари томонидан юзлаб ёшлар ҳаётга тайёрланиб йўлланма олдилар.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сайловолди дастурида:
“Биз “инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият”лиги тўғрисидаги конституциявий тамойилни фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали таъминлашда зарур бўлган “давлат ва жамият томонидан инсон қадр-қиммати ҳимоя этилиши ва ҳурмат қилиниши лозим”лиги тўғрисидаги янги тамойил билан тўлдириш зарур, деб ҳисоблаймиз”, деб ёзиб қўйилган. Ҳақиқатдан ҳам, мустақил мамлакатимизда ҳар бир инсон меҳнати, ўз даврида қилган барча улуғ ишлари қадр топади. Юртимизда халқ фаровонлиги йўлида улкан ишлар қилган ва бугунги кунда ҳам у томонидан бошланган катта ишлар шогирдлари томонидан давом эттирилаяпти. Шу боис ҳам Чўли отанинг ёрқин сиймоси халқимиз қалбида абадий муҳрланишига муносибдир. Биз Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари мамлакатимиз ёшларини Чўли ота сингари ватанпарвар этиб вояга етказишга ўз ҳиссамизни қўшаверамиз.
Шоира ҲАЛИМОВА,
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси
Қашқадарё вилоят Кенгаши фаоли, Қарши тумани-
даги 7-умумий ўрта таълим мактаби она тили ва
адабиёти фани ўқитувчиси.
Фикрингизни қолдиринг