Янгиликлар 1852
Мансабдор шахс эшитуви: Фарғона туманида коронавирусга қарши эмлаш жараёни қандай кечяпти?
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона туман Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан мансабдор шахс эшитуви ўтказилди. Унда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги туман бўлими раҳбари Р.Хожиқурбоновнинг коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш ва бу бўйича туманда олиб борилган ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақидаги ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, коронавирус инфекцияси жаҳоннинг деярли барча мамалакатларида кенг тарқалиб, эпидемия даражасига етди. Минглаб одамларнинг ёстиғини қуритаётган тождор вирус инсониятни қатъий чекловлар асосида яшашга мажбур қилмоқда, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни юзага келтиряпти. Аммо мамлакатимиз ҳудудида коронавирус инфекцияси кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида давлатимиз раҳбари бошчилигида илк кунларданоқ барча зарур чора-тадбирлар кўрилиб, тизимли равишда иш ташкил этилди.
Фарғона тумани аҳолиси ўртасида жорий йилнинг шу кунига қадар коронавирус инфекцияси бирламчи мусбат ташхиси билан 68 нафар бемор рўйҳатга олинган бўлиб, булардан 28 нафари эркаклар, 40 нафари аёлларни ташкил қилади.
Юқумли касалликларга қарши кураш ва уни тарқалишининг олдини олишнинг энг самарали усули бу – иммунизация, хавфсиз эмлаш тадбирлари ҳисобланиб, COVID-19 инфекциясининг аҳоли ўртасида кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида республиканинг барча маъмурий ҳудудларида коронавирус инфекциясига қарши миллий эмлаш кунлари босқичма-босқич ўтказилмоқда.
Туманимизда ҳам биринчи босқичда тиббиёт ходимлари ва 65 ёшдан юқори аҳоли қатлами, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ходимлари, 18-65 ёшгача бўлган сурункали касаллиги бор шахслар ўртасида эмлаш тадбирлари ташкил этилган. Фуқароларни коронавирус инфекциясига қарши эмлаш учун 2200 доза Астра Зеника вакцинаси, 4300 доза ZF UZ Vac 2001 вакцинаси жами 6500 доза биринчи босқич вакцина келтирилган бўлиб, 2021 йил 11 май ҳолатига жами 6476 нафар биринчи, 1243 нафар туманимиз фуқаролари эса вакцинанинг иккинчи босқичи билан эмланди. Эмланганлар орасида ножўя таъсир этган, оғир ҳолатларга тушган фуқаролар аниқланмади.
Фарғона туман санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими томонидан коронавирус инфекциясининг олдини олиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Мавзу доирасида депутатлар ва партия фаоллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Нодиржон КАРИМОВ,
Ўзбекистон “Адолат”СДП
Фарғона туман Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг