Мансабдор шахс эшитуви: Фарғона туманида тиббиёт муассасалари ҳолати яхшиланмоқда

29.12.2021 11:12:28

Ўзбекистон «Адолат» СДП Фарғона туман Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан мансабдор шахс эшитуви ўтказилди. Унда туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Э.Гуломовнинг туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги даволаш профилактика муассасаларида жорий йилнинг 11 ойи давомида олиб борилган ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақидаги ҳисоботи тингланди.

Келтирилган маълумотларга кўра, 7,4 млрд. сўмлик республика инвестицияси ҳисобига туман марказий шифохонасидаги қабул бўлими, 30 ўринлик ШТЁБ, 30 ўринлик режали жарроҳлик бўлимида капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилди. Шифохонага янги электр, ичимлик суви тармоғи тортилди.

119 млн. сўм марказий шифохонада эскирган 11 та қозонхоналар янгисига алмаштиришга йўналтирилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган 2,4 млрд. сўмлик маблағ ҳисобига тумандаги 1-сонли шифохонада капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Тумандаги 91-сонли оилавий поликлиникани капитал таъмирлаш ишларига 395 млн. сўм, «Сатторобод» шифокорлик уйига 100 млн. сўм маҳаллий бюджет маблағлари йўналтирилди.

Ҳозирда 90 млн. сўмлик маҳаллий бюджет ҳисобидан марказий шифохонадаги кирхонада капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Моддий-техник базасининг яхшиланиши натижасида тиббий-профилактика муассасалари 3 та замонавий УТТ аппаратлари, 12 та ЭКГ аппарати, 46 та глюкометр, 118 та тарози, 110 та планшет, 12 та компьютер, 3 та принтер, 30 та стол, 190 та стуллар билан таъминланган.

Туман Кенгаши депутати Н.Исақов ҳудуддаги спиртли ичимлик истеъмол қилиб, турли кўнгилсизликларни келтириб чиқарувчиларга нисбатан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўз юритиб, ичкиликбозликни олдини олиш бўйича бир қатор тавсиялар бериб ўтди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан депутатлар ва партия фаоллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Озода ДАДАЖОНОВА,

Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши депутати. 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+