Янгиликлар 616
Мансабдор шахслар эшитуви ўтказилди
«Адолат» СДП Фарғона тумани депутатлик гуруҳи томонидан навбатдаги мансабдор шахс эшитуви ўтказилди. Унда туман Кенгаши раиси Нодиржон Каримов, Халқ депутатлари Фарғона тумани Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари иштирок этишди.
Кун тартибида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлигини ривожлантириш, касб-ҳунарга ўқитиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда туман аҳолиси соғлигини қайта тиклаш борасида жорий йилнинг 5 ойи давомида амалга оширилган ишлар бўйича иккита масала кўриб чиқилди.
-Туманда «Хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш дастури» дан келиб чиқиб, 15 нафар ва маҳаллаларда 10 нафардан иборат ишчи гуруҳлар тузилди, - дейди туман Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Х.Абдуғаниева. -Жорий йилнинг апрел ойида 47 561 та хонадон аҳолиси хатловдан ўтказилиб, сўровномалар тўлдирилган. Хатловда 811 нафар ташқи миграция, 196 нафар ички миграцияда бўлган хотин-қиз аниқланган. Шунингдек, ташқи миграциядан қайтган 20 нафар хотин-қизнинг 8 нафари касб-ҳунарга ўқитилиб, бандлиги таъминланган ва 12 нафарига субсидия ва кредит ажратилган. Ишлаш истаги бўлган 1208 нафар ишсиз хотин-қиз «2024-2025 йилларда Фарғона туманида хотин-қизлар ўртасида ишсизликни бартараф этиш» дастурига киритилган.
Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи берган маълумотга кўра, туман аҳолисининг саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий маданиятини янада ошириш мақсадида Янги аср маҳалласида 104-сон «Миндонобод» оилавий поликлиникасининг янги биноси фойдаланишга топширилган. Шунингдек, бирламчи тизим дори-дармонига 819 миллион 559 минг сўм маблағ ажратилган. 63,3 фоиз вояга етмаган ҳамда 41,2 фоиз 2-10 ёшли болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган.
Тиббиёт бирлашмаси томонидан кўкрак бези ва бачадон бўйни саратони бўйича 27 141 нафар хотин-қизни онко-скрининг текширувдан ўтказиш режалаштирилган бўлиб, шу вақтгача уларнинг 12781 нафари текширувдан ўтказилган. Жараёнда 2 нафар аёлда касалликнинг биринчи босқичи аниқланди ва ҳозирда зарурий муолажалар олиб борилмоқда.
Йиғилишда туман Кенгаши депутатлари Назиржон Исақов, Файзилло Мирзаев, Асилбек Алобидинов, Озода Дадажоновалар халқ билан мулоқотлар давомида билдирилаётган айрим камчиликлар юзасидан фикр билдириб, бу борада амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар юзасидан ўз таклифларини билдиришди.
Гулчеҳра АҲМЕДОВА,
«Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг