Янгиликлар 330
Мансабдорнинг ноқонуний ҳаракати туфайли етказилган зарарни қоплашга қаратилган “Давлат компенсацияси тўғрисида” қонун қабул қилиш вақти келди
Мамлакатимизда Конституциявий ислоҳотлар доирасида кўплаб янги кафолатлар белгилаб берилди.
Жумладан, Конституциянинг 55-моддасида “ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга”лиги кафолатланди.
Мазкур конституциявий кафолатни амалга ошириш мақсадида “Адолат” социал-демократик партияси томонидан “Давлат компенсацияси тўғрисида” қонун қабул қилиш таклиф этилмоқда. Бу мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракати туфайли етказилган зарарни қоплашга қаратилган бўлиб, инсон ҳуқуқлари олий қадрият, деган тамойилга тўла мос келади.
Қонунчилигимизда давлат органлари мансабдор шахслар томонидан етказилган зарарни қоплаш асослари ва тартиби қонун даражасида белгилаш зарурати мавжуддир. Тан олиш керак, сўнггги пайтларда турли мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида кўплаб инсонларга, тадбиркорларга зарар етмоқда. Маъмурий судларнинг статистик маълумотларига кўра, 2021 йилда 5196 ҳолатда, 2022 йилда – 4645, 2023 йилда – 4499, 2024 йилнинг биринчи ярмида – 1725 ҳолатда (жами – 16065) маъмурий органларнинг қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган. Мазкур даврда 7799 марта (2021 йилда – 2317, 2022 йилда – 2253, 2023 йилда – 2230, 2024 йилнинг биринчи ярмида – 999) мансабдор шахсларнинг ҳатти-ҳаракатлари қонунга хилоф, маҳаллий ҳокимликларнинг 5736 та қарорлари эса ҳақиқий эмас, деб топилган.
Булар оқибатида етказилган моддий зарар қанчалик кўплигини тасаввур қилиш қийин эмас. Бундай ҳолларда зарарнинг ўрни қопланмаса, жабр кўрганларнинг аҳволи мушкуллигича қолади, уларнинг давлатга бўлган ишончига путур етади. Давлатнинг мансабдор шахслари ҳамма қатори ўз қилмишларига жавобгар бўлиши, етказилган зарарни қоплашлари шарт. Бунинг тартиб-қоидалар эса очиқ-ойдин белгилаб қўйилиши керак. Шунинг учун ҳам партиямизнинг мазкур таклифи жуда муҳим аҳамиятга эга.
Таклиф этилаётган Қонун бир нечта асосларга кўра долзарбдир.
Биринчидан, мазкур кафолатнинг рўёбга чиқарилиши ҳуқуқий давлат концепциясига мос келади (ҳуқуқий давлатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига таъсир кўрсатувчи муносабатлар қонун билан тартибга солинади).
Иккинчидан, қонун барча учун баробар эканлиги, яъни давлатнинг ҳам бошқалар каби жавобгарлиги белгиланади.
Учинчидан, мазкур таклиф айрим амалдорлардан азият чеккан шахсларнинг ҳуқуқларини тиклашга ҳуқуқий замин яратади.
Фикрингизни қолдиринг