Манзилга кенг ва равон йўллардан юриб боришга нима етсин?..

30.04.2021 14:04:15

Аксарият ички йўлларнинг яроқсиз ҳолатга келиб қолгани сабаб фуқароларимиз учун анчагина ноқулайликлар келтираётгани ҳеч кимга сир эмас.

Мазкур муаммо партиямиз фаолларининг эътиборидан ҳам  четда қолгани йўқ.     

Хусусан, Боғот туман Кенгаши  раиси, туман Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Қаҳрамон Раҳимовнинг саъй-ҳаракатлари билан “Оқтепа” маҳалла аҳолиси йўл муаммосидан ҳолос бўлишди.

Табиийки, баҳор фасли муносабати билан,  ён-атрофни ободонлаштириш, боғ-роғларга ишлов бериш, уй атрофларини саранжом-саришта тутишга қаратилган чорловлар  партия фаоллари, депутатларнинг айни пайтда сайловчилари билан учрашувларидаги энг асосий мақсадларидан бирига айланган.

Юқорида  қайд қилинган жиҳатлар депутат Қ.Раҳимов бошчилигида тумандаги “Оқтепа” маҳалласида  амалга оширилди. Маҳалла  ҳудуди тоза-озодалиги билан диққатни тортади, маҳалла аҳолисининг ширин сўз, самимий муомалаларидан  дилинг яйрайди. Аммо, маҳалладаги “Пахтакор” кўчасининг таъмирталаблигидан хафсаланг пир бўлмасдан илож йўқ.

Яқинда  депутатнинг сайловчилари билан учрашувида йўл  муаммоси  кўтарилган эди.

Депутат Қ.Раҳимовнинг “Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси” бошлиғи Ж.Тўраевга  йўллаган депутатлик сўрови жавобсиз қолмади. Йўлни асфальтлаштириш ишлари бошлаб юборилди ва куни кеча фойдаланишга топширилди.

Бу кўча 1970 йилда асфальт бўлган эди, - дейди Зарифбой ота Собиров.– Йўлнинг жуда кучли яроқсиз ҳолатга келиб қолганидан анча йилдан буён азият чекиб келмоқда эдик. Айниқса, шу йўлдан 1-сон мактаб ва 2-сон болалар боғчасига қатнайдиган фарзандларимиз, набираларимиз қийиналишаётганидан ота-оналар безовта эдик. Бизни  муаммодан қутқарган депутат Қаҳрамон Раҳимовга маҳалламиз номидан миннатдорлик билдирамиз. Энди биз ҳам манзилимизга  кенг ва равон йўллардан юриб борадиган бўлдик. Депутатимиз  ҳеч бир муаммомизни беэътибор қолдирмаган. Номзодни тўғри танлаганимиздан мамнунмиз.   

Бир сўз билан айтганда, Қ.Раҳимовдек  жонкуяр, ваъдасига садоқатли, аллақачон сайловчиларининг  ишончини қозониб улгурган  депутатларимизнинг борлиги, кутилаётган сиёсий жараёнларда муносиб ўринларни эгаллашимизда аҳамиятлидир. 

 

                                                                                                          Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                                        Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                                Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+