Мақсад – аҳоли муаммоларини тинглаш ва уларга ечим топишдир

30.05.2024 10:05:56

Жойларда қонун устуворлиги таъминланиши халқнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларнинг муносиб фаолият олиб бориши билан ҳам белгиланади. Барчамизга маълумки, мамлакатимизда кечаётган демократик ўзгаришларнинг замонавий босқичида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг жойларда қонунлар ва бошқа давлат қарорлари ижроси устидан самарали депутатлик назоратини амалга оширишдаги роли ва масъулияти ортиб бормоқда.

Давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари ва тегишли сайлов округлари аҳолиси ўртасидаги мулоқотни амалга ошираётган партия гуруҳлари давлат ҳокимияти органлари очиқлигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда партия гуруҳлари ўз партияларининг жойлардаги дастурий мақсадларини амалда рўёбга чиқаришнинг асосий функционал бўғинига айланмоғи лозим. Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнлари партиянинг депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада кучайтириш, замон талабига мос янгича ёндашувлар билан ишлашни тақозо этмоқда. Ҳар бир депутат ўз ҳудудини ижтимоий ва иқтисодий ривожлантириш борасида ўз талаб ва таклифларини илгари суриши керак. Шу билан биргаликда ҳудудларда мавжуд бўлган муаммо ва камчиликларни, фуқароларни ўйлантираётган масалалар юзасидан ўрганиш ишларини олиб бориши ва масалаларни жойида ҳал этиши депутатларнинг ўз сайлов округидаги сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилишларида муҳим ўрин тутади. Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқароларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, аҳолининг таклифларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим масалалари устида бош қотириб, зарур таклифларни илгари суришда умумий мақсадларимиздаги ҳаётий ва халқчил хусусиятларни ҳам намоён қила олишимиз лозим. Аҳоли билан ҳамнафас ишлашда, айниқса тарғибот-ташвиқот ишлари жараёнида зарур масалаларни аниқлаб олиш имконияти туғилади.

2024 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари томонидан тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти бошқаруви органлари мансабдор шахсларига уларнинг ваколати масалаларига кирувчи масалалар юзасидан асосланган тушунтириш бериш ва ўз позициясини баён қилиш талаби жами 100 дан ортиқ депутатлик сўровлари юборилган. Жумладан, депутатлик сўровлари соҳалар кесимида таҳлил этилганда ички йўллар бўйича 10 та, тиббиёт соҳаси бўйича

14 та, таълим йўналишида 21 та, туман ва шаҳар ижроия ҳокимият органларига 9 та, банк тизими бўйича 5 та, ободонлаштириш ва коммунал хизматлар кўрсатиш бўйича 25 та, қурилиш соҳасида 16 та депутат сўровлари юборилган бўлиб, ушбу сўровлардан 88 таси ижобий хал этилиб, 12 та сўров юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди. Халқ мурожаатлари асосида тегишли маҳаллий ҳокимликлар, нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда тегишли ташкилотларни жалб этган ҳолда 8 нафар фуқарога моддий ёрдам бериш кўрсатилишига эришилди. Депутатларнинг ҳудудларда ўтказилган сайёр қабуллари жараёнида Жиззах шаҳридаги ёлғиз истиқомат қиладиган 84 ёшли Ашурматова Қумри онахонинг мурожаатига асосан хонадонидаги сув қувурини янгилаш ҳамда сув ҳисоблагич ускунасини расмийлаштириш учун депутатлик сўрови асосида ижобий ҳал қилинди. Шунингдек, фуқаролар томонидан Жиззах ва Олмазор маҳалласи Қаҳрамон кўчаси ички йўлларининг жавоб бермаслиги сўрови кўриб чиқилди ҳамда ҳал қилинди. Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш, аҳолини сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасидаги муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тиббиёт соҳасини ривожлантириш ва такомиллаштириш юртимиз тараққиёти ва халқ фаровонлиги ошишида муҳим роль ўйнайди. Шу сабабли, Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан соғлиқни сақлаш хизматлари билан умумий қамраб олишини, дорихоналардаги

дори-дармон нархи ва сифати самарадорлигини ўрганиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати ўрганилди. Ўрганиш натижалари доимий комиссияда кўриб чиқилиб, вилоят Кенгашининг 2024 йил 4 майда бўлиб ўтган сессияси муҳокамасига киритилди ва сессия қарори ижроси депутатлик гуруҳи назоратига олинди.

Партиянинг вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят Кенгашининг доимий комиссияларига 46 та, вилоят Кенгаши сессияларига 22 та масала киритилди. Ушбу масалалар юзасидан доимий комиссия ва сессиянинг тегишли қарорлари қабул қилиниб, ижроси юзасидан самарали депутатлик назорати ўрнатилди. Сиёсий партия илгари сураётган ғояларга кенг жамоатчиликда хайрихоҳликни ошириш ва ҳаётга татбиқ этиш кўп жиҳатдан партиянинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари зиммасига катта масъулият юклайди ҳамда ўз фаолиятларининг самарадорлиги ортишида катта хизмат қилади.

 

 

 

"Адолат" СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
Раисининг ташкилий-партиявий ишлар бўйича ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+