Мақсад сари дадил интилинг

15.04.2021 17:04:13

Мамлакатимиз Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 13 апрель куни ёшлар бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича берилган топшириқлар ижросига бағишланган видеоселектор йиғилишини кузатар эканмиз кимларнингдир кўнглидан “эҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди” деган ҳаёллар ўтган бўлса ажаб эмас.

Юртимиз ёшлари, ўғил-қизларига берилаётган имконият, яратилаётган шарт-шароитлар мени қувонтирди. Хусусан, “Ёшлар дафтари”га кирганларга, қизиқишидан келиб чиқиб, хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатининг бир қисми қоплаб берилиши орқали кўплаб иқтидорли ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очиб беради.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан йўлга қўйилган ёшларга экин экиб фойдаланишлари учун ер ажратиш белгиланган, бу борада жойларда тизимли ишлар амалга оширилиб келинаётгани барчамизга аён.   Бу соҳада ҳам аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида “ёшлар дафтари”га кирганларга уруғлик ва кўчатлар хариди учун 2 миллион сўмгача субсидия бериш зарурлиги қайд этилди. Бунинг замирида нималар борлигини биласизми? Одамларни бой қилиш, орзу-ниятларига етказиш, бекор қолдирмаслик, фаровон қилиш, “Россия, чет давлат деб юрма, ўзимизда ишла, ер ол, ток  қатор орасига бозорда қиммат маҳсулотни кўпайтир, яқинларинг олдида бўл” дегани.

Йиғилишда талабаларнинг яшаш шароитлари масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бугунги кунда 130 мингдан зиёд талаба ижарада яшаётганлиги, ушбу масала бўйича ҳукумат томонидан алоҳида дастур тайёрланаётгани, дастурга кўра, бундай ёшларга 1 майдан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилиши, дастлабки босқичда ушбу тизим орқали 60 минг нафар ёшлар қамраб олиниши, эҳтиёжманд талабаларга ушбу харажатлар ҳокимликлар ва олийгоҳлар маблағи ҳисобидан ҳам қоплаб берилиши белгилангани айниқса аҳамиятга молик.

Олий таълим муассасаларида ўтказган кўплаб учрашувларимиз чоғида кутариладиган асосий масала талабалар учун турар жойлари муаммоси ўз ечимини топаётгани қувонарли. Шундай бир тадбиримизда талабаларнинг ота-оналари ҳам иштирок этадиган бўлиб қолди. Бир эркакнинг сўзларини кўп эсалайман.

-Ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман. Ўқимадим, тарактор ҳайдайман. Фарзандим ўқимишла бўлсин деб ният қилгандим. Шартнома асосида ўқишга кирди. Шундай шароитларни яратиб бераётган давлатимизга раҳмат. Шартнома пулини тўлашга қийналиб турган вақтимда, шартнома пуллари ҳам тўлаб берилаяпти.  – деган эди.  1-майдан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилиши эса ота-оналарга ҳам, оила бюджетига ҳам катта ёрдам бўладиган бўлди.

Шу ўринда келажагимиз эртаси, ёшларига одил йўлбошчи бошчилигида гўзал келажакнинг орзуси ва аниқ режалар тошу тарозусида мақсад сари дадил интилинг, ўқишга, институт ва университетларга киринг, демоқчиман, агар киролмасангиз, вақтни йўқотманг тадбиркорликни  бошланг деб мурожаат қилмоқчиман.

Лекин аввал Хитой, Америка, Европа, Жанубий Корея, Япония ва бошқа давлатлардаги катта ишлаб чиқарувчи тадбиркорларнинг асарларини ёки таржимаи ҳолларини, бизнес, бойиш ҳақидаги гапларини ўқинг. Ўзимиздан чиқиб, кейин Россияда катта миллиардерга айланган Алишер Усмонов ҳам аввало ишини оддий маҳсулот ишлаб чиқаришдан бошлаган, дейишади. Ажабмас, сиз ҳам бир куни у қатори бой бўлсангиз, мамлакатимизга катта сармоялар киритишга, ишсиз ёшларимизни иш  билан таъминлашга ҳаракат қилсангиз. Хуллас, олдингизда ишлар ва имконлар жуда кўп. Сиздан эса фақат ҳаракат ва шижоат талаб этилади. 

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+