Мақсад – ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги

23.08.2024 15:08:30

Айни пайтда барча сиёсий партиялар қатори Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳудудий Кенгашлари томонидан ҳам 27-октябрда бўлиб ўтадиган сайловларда муносиб иштирок этишга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Шу мақсадда жойларда   Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан   янги Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамасига  бағишланган аҳоли билан  оммавий эшитув тадбирлари  бўлиб ўтмоқда. Бугун шундай   тадбир   қашқадарёликлар ҳузурида  зўр уюшқоқлик ва кўтаринкилик руҳида  ташкил этилди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, фаоллар, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Қарши шаҳридаги “Нуронийлар маскани”да ташкил этилган эшитув тадбирда  Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Расулов  маъруза қилиб, “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари” деган ғояни ўзида мужассам этган “Адолат” СДПнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган   Сайловолди дастури  лойиҳаси ҳақида тўхталди. Партия ҳуқуқий, ижтимоий адолат, қонун устуворлигига асосланган демократик давлатни барпо этиш ғоясини илгари суришда давом этиб, ёшларимизда ватанга муҳаббат туйғусини юксалтириш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва адолатли жамият ҳамда адолатпарвар давлат қуришни бош мақсад қилиб олганлигини таъкидлади.

-Партиямиз дастурида жамият ҳаётининг барча жабҳалари қамраб олинган ва улар ривожи учун аниқ позиция белгилаганмиз,-деди Улуғбек Расулов, - Қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситаларининг мустақил фаолият юритишларига аралашмаслик, иқтисодиётни ривожлантириш, “Кўп топган кўп тўлайди” солиқ сиёсатини юритиш, кучли ижтимоий сиёсатни йўлга қўйиш, халқимиз саломатлигини  мустаҳкамлаш, хусусий шифохоналарда  давлат   назоратини йўлга қўйиш, оилаларда гендер тенглик масалаларига   эътибор қаратиш,  атроф-муҳит мусаффолиги ва экологик муаммоларни бартараф этиш, тараққиётга жиддий тўсиқ бўлаётган коррупцияга барҳам бериш устувор  вазифаларимиздан бири  эканлиги лойиҳада  аниқ тиниқ ифода этилган.  Таълим, соғлиқни сақлаш   тинчликсевар,  прогрессив ташқи сиёсат олиб бориш, ҳеч қандай ҳарбий блокларга  қўшилмаслик  асосий мақсадимиздир.

“Халқдан олиб, халққа берамиз” шиори остида ўтаётган жараёнда   партиянинг сайловолди дастури лойиҳаси  мазмун моҳияти, асосий ғоявий мақсад ва йўналишлари кенг тушунтирилди. Партия бош ғоясидан келиб чиқиб, ҳаётимиз кун тартибида турган муаммолар ҳисобга олиниб, аниқ вазифалар ва муаммолар ечимлари белгиланди. Дастурда ижтимоий адолат мезонлари ва демократик қадриятлар асосий ўринни эгаллайди. Шунинг учун ҳам сайловолди дастур лойиҳаси  умумпартиявий ва  кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиб, навбатдаги Қурултойда тасдиқлаш учун тавсия этилмоқда.

-Албатта, сайловчилар ўз сайловолди дастурида мамлакат тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, юрт тинчлиги ва ободлиги, фарзандлари келажаги йўлидаги кенг кўламли дастурларни белгилаган сиёсий партияни танлайди,- деди партиянинг Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси Руиддин Раупов.-Шунингдек, муаммоларга қонуний ечим топаётган сиёсий партияга кўпроқ ишонч билдиради. Сайловолди дастури лойиҳасида вилоятимиз адолатчилари томонидан ҳам 200 га яқин  таклиф берилган эди.Лойиҳа билан танишиб шу нарсага амин бўлдимки, биз берган таклифларнинг кўпи инобатга олинган.   

  • Халқимиз барча камчилик ва етишмовчиликларга чидаши мумкин,- деди Қарши шаҳридаги 11-мактаб ўқитувчиси Шоҳсанам Одаева. - Аммо  зўравонликка, адолатсизликка тоқат қилолмайди. Мен  сиёсий куч томонидан илгари сурилаётган “Адолат - ҳар бир инсон учун”  ғоясини қизғин қўллаб-қувватлайман. Энди бундан буён партия  жамиятимизда  адолат қарор топиши учун тинмай фаолият олиб боради. Тез кунларда  сайловолди дастури лойиҳасида  белгиланганидек, жамиятда ҳақиқат, адолат қарор топади. Қонун устуворлиги таъминланган демократик давлат барпо этилади. Мен партия илгари сураётган бу каби ғояларни маъқуллайман. Негаки, юқорида қайд этганимдек, одамлар ноҳақликка чидай олмайди. Партия  эса бундай иллатларни йўқотиш учун аниқ вазифалар ишлаб чиққанидан барчамиз мамнунмиз. Шунингдек, мен партиянинг таълим сифатини ошириш, “ақлли тиббиёт”,”Тиббий суғурта”ни жорий қилиш борасида амалга ошириб келаётган ишларини қизғин қўллаб-қувватлайман. Бундан ташқари” педагоглар ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш лозимлигини ўз дастури лойиҳасида устувор вазифалардан этиб белгилаганидан мамнунман.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Ғулом Абдиев ҳам ўз фикрларини баён қилди.

-Дастур лойиҳаси жуда яхши, пухта ишланган,-деди Ғулом Абдиев.- Аммо маънавиятни ривожлантириш масалаларига камроқ эътибор берилган, назаримда. Янги сайловолди дастур лойиҳасида шу масалага алоҳида  эътибор берилса, яхши бўларди.  

Сайловолди дастур лойиҳаси тарғиботида иштирокчилардан   тадбиркор  Ҳаққул Ишимов, педагог Мафтуна Холматова,  тиббиёт ходими Лобар Абидова,  Зебо Муродовалар ҳам янги Сайловолди дастур лойиҳасида  халқимиз  манфаатини кўзлаб кўпгина муҳим йўналишлар устувор этиб белгиланганлигини эътироф этдилар.   

Тадбирда бу йилги аралаш тизими асосида ўтадиган сайловларга ҳар томонлама жиддий ёндашиш зарурлиги алоҳида қайд этилиб, тегишли тавсиялар берилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши
матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+