Мақсадимиз фақат тезликни ошириш бўлмасин

14.02.2022 16:02:28

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бугунги куннинг энг долзарб масалалардан бири эканлиги ҳеч кимга сир эмас. 2022 йилнинг 11 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган селектор ҳам айни шу масалага бағишланди.

Президентимиз бундан буён ҳайдовчининг интизоми у таҳсил олган автомактабнинг даражасини белгилаб беришига алоҳида тўхталиб, вилоят ҳокимлари ва ички ишлар бошлиқларига уч ой муддатда ҳудудларида замонавий автомактаб ва имтиҳон марказларини ташкил этишлари борасида топшириқлар берди.

Таъкидлаш лозимки, сўнги вақтларда автомактабларнинг фаолияти етарли даражада қониқарли эмас. «Масъулияти чекланган жамияти» сифатида фаолият олиб борувчи автомактаблар ўз хизмат вазифаларига кирувчи автомактаб ўқувчиларининг йўқламаларини, ўқитувчиларнинг билим савияси қай даражада эканлигини, ўқувчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар, қолаверса, автомактабнинг ўқувчилар учун бириктирилган автотранспорт воситаларининг соз аҳволдалигини, инструкторларнинг инструкторлик қилишлари учун махсус рухсатномалари бор ёки йўқлиги борасида назоратни бир-мунча бўшаштириб юборгандек.

Бугунги кун ёшларини кузатар экансиз, машина рулида пойгачилардек турли треклар кўрсатишга иштиёқманд эканликларига гувоҳ бўласиз. Уларга қараб туриб оёғи газга ёпишиб қолган бўлса керак, деган фикр ҳаёлингиздан ўтади. Бундай тоифадаги инсонларнинг нафақат катта йўлларда, маҳаллаларнинг ички йўлларида ҳам тезликни оширишлари, бошқаларнинг айниқса, ёш болаларнинг ҳаётига жиддий хавф солмоқда. Автомактаблар бўлажак ҳайдовчиларга машина бошқариш қонун-қоидалари билан бир қаторда, ҳайдовчининг мажбуриятларини ҳам бафуржа ўргатишлари лозим. Машина бошқараётган шахс йўл ҳаракати қоидаларини батафсил билгандагина йўл қоидаларига тўлиқ амал қила олади. Баъзан энг оддий, қайрилишлар чоғида огоҳлантирувчи чироқни ёқмасликлари оқибатида қанчадан-қанча авария ҳолатлари юз бермоқда. Йўлда ҳаракатланиб кетар эканмиз баъзи асабий ҳайдовчиларни деб хавфли вазиятга ҳам тушиб қоламиз. Ўпкасини қўлтиқлаганча, «йўлни бўшат» қабилида «учиб» юрадиган ҳайдовчилар машинангиз устига тикка бостириб келишдан ҳам тойишмайди.

Автотранспорт бошқариш этикаси, маданияти бугунги кунимизнинг энг оғриқли нуқталаридан бири бўлиб қолди. «Сигналбозлик», шошма-шошарлик, мавжуд қонун-қоидага эмас, «ўзбилармонлик» қоидалари асосида ҳаракатланадиган ҳайдовчиларнинг кўплиги автомактаб мураббийларидан ҳайдовчилик гувоҳномасини беришдан аввал ўқувчини ҳар томонлама мукаммал чиғириқдан ўтказиш лозимлигини тақозо этмоқда.

Юзда юрмасак ҳам юзга кириб юрайлик. Токи бепарволик, беписандлик оқибатида бегуноҳ инсонлар қурбон бўлишмасин. Йўлларда инсонлараро ўзаро ҳурмат ва қонун-қоида устувор бўлсин.

С.Эргашев,

«Адолат» СДП Марказий аппарати бошқарма бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+