Мақсадимиз масҳарабозликми?

24.12.2021 15:12:29

 

Бугун ўзбек сериал ижодкорлари томонидан олинган сериалларнинг зангори экранларда сон-саноғи йўқ. Аммо сифати-чи?.. Афсус, бунга тўғри ёндашилмаяпти. Балки шу сабаб сонига эътибор қаратилиб сифат масаласи бир четда қолиб кетмоқдадир. Ким ўзарга кино-сериал олаётганлар кимларгадир тақлид қилиб қисм-сонларини кўпайтириб, уни керак-кераксиз ҳар хил гаплар билан тўлдирар, эҳтимол. Аммо бу билан ўзбек санъатини ерга уришаётганини, унинг қадрини жаҳон оммаси олдида бир пул қилишаётганини наҳот, тушунишмаса? Яқинда бир устозимнинг “Зўр” тв телеканалида эфирга узатилаётган “Қодирхон” сериалидаги мулоҳазаларини ўқиб қолдим:

"ЗўрТв" да бугун намойиш этилган "Қодирхон"  телесериалидан мана бу диалогқулоғимга чалинди:

-Отинг нима?

-Адиз.

-Адиз дегин,  нима қилиб юрибсан,  Москвада?

-Ишлагани келган эдим.

Ва ҳеч шубҳасиз, тўқсон тўққиз фоиз сериалванд ( айни замонда мана шундай одамлар бор,  сериал кўрмаса чидолмайдиган) лар ҳам, албатта шундай жавоб бўлишини билиб турган эди. Фақат сценарийчи ва режиссёрлар бундай ўйлашмаган, ана шу зўрма-зўраки, энсани қотирадиган савол-жавоблар билан сериалнинг чўзилишини таъминлаган”.

Тўғрисиям шу-да! Тан олишимиз керак, бугун телевизорнинг мурватини қай томонга бураманг, бир-биридан бачкана ўзбек сериаллари чиқиб келаверади. Куни кеча қозоқ биродарларимизнинг “Тендер” номли бадиий фильмини “Севимли” телеканалида кўриб қолдим. Очиғини айтайми?... Ўзбек сериалнавислари қолиб мен уялиб кетдим. Шундоқ ёнгинамизда қўшни бўлиб яшовчи қардош миллатнинг сериал ва кино борасида биздан анча илдамлаб кетганига гувоҳ бўлиб уялиб кетдим. Кинони бошдан мириқиб томоша қилар эканман, унда на ортиқча диалог, гап-сўз, на ўзбек миллатига ўхшаб айрим кераксиз урф-одатлар намойиши (қайнона-келин, қайнона-қайнота, қайнота-келин, келин-қайинсингил, келин-қайнопа ва уларнинг бир-биридан кераксиз муносабатлари, уруш-жанжаллари)га гувоҳ бўлдим. Кино бошдан оёқ ўз номига монанд тендер ҳақида. Ва ортиқча бирор лавҳага ўрин қолдирилмаган. Йигит, унинг иши, орзуси, мақсади, севгиси, никоҳи, оиласи, дўсти ва у билан юзага келадиган тафовутлар очиқ ва лўнда гавдалантирилган. Бизнинг сериал-у киноларга ўхшаб севишганларга ота-она қаршилик қилиши-ю, бой йигит камбағал қизни, камбағал қиз бой йигитни севиб қолиши кўрсатилмаган. Жамият ичида юрган фаол, ҳаракатчан ёш бир йигитнинг ўз олдига қўйган мақсади бўйича дадил кетиши, унинг ишни қандай олиб бориши кўрсатилган. Ўйлайманки, бу бадиий фильм ўзбекистонлик йигит-қизлар учун намуна. Улар ҳам айнан шундай яшаши керак. Ортиқча урф-одатлар-у, кераксиз муносабатларга ўралашиб, умрни ўтказиб юбориш эса ярамайди. Бу фақат ва фақат Ўзбекистон келажагига зарар келтиради. Бунда ота-оналар ҳам фарзандини тушуниши, унга мустақил бўлишлари учун имконият яратиб бериши керак. Эскича қарашлардан қутулиш, фарзандини ёнидан жилдирмасдан 40 ёшигача опичлаб ўтиришдан тийилиш зарур.

Дарвоқе, кино ва сериалларда рол ижро этаётганларнинг ҳаммасини ҳам том маънодаги актёр ва актриса дейишдан йироқман. Уларнинг айримлари қойилмақом ўйнаса, айримлари эплай олмаётганлиги шундоқ кўриниб турибди. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз? Сўзимнинг исботи сифатида телеграм ижтимоий тармоғида яқинда бир гуруҳга тасодифан қўшилиб қолганлигимни айтаман (Бу ҳам қайсидир уддабуроннинг иши бўлса керак). Kasting "GULI" Production деб номланувчи ушбу телеграм каналда маълум бир соққа эвазига турли ҳил сериал ва киноларга “актёр”лар танлаб олинар экан. Қизиқсиниб админстраторга ёзиб кўрдим. У менга кино ва сериалларда рол ўйнаш 1000-2000 доллар, клипларда ундан сал арзонроқ, “Оталар сўзи-ақлнинг кўзи” да бош рол 200, ундан бошқа роллар учун эса 100 доллар беришим кераклигини айтди. Мен синамоқ мақсадида ундан “Хўп, пулни онлайн сизга ўтказиб бердим ҳам дейлик, аммо буни ким кафолатлайди? Кейин сценарийни ўқиб чиқишим керак-ку рол ўйнашдан олдин, кино-сериал нима ҳақида эканлигини билишим керак-ку, десам, мени қора рўйҳатга қўшиб қўйди.

Ўзбек кино санъати бугун шундай ахволда бўлса, келажакда нима кутиш мумкин? Пулини тўлаб дуч келган кино-сериалга тушиб рол ўйнаб кетаверишса, актёрликка ўқитадиган таълим масканларимиз қаерда қолди? Нима учун чиқарилган ана шундай ўқув масканлари?  Ахир, улар бу билан 35 миллион аҳолининг асабига тегишаётганини ёхуд кераксиз сериаллари билан қимматли вақтини ўғирлашаётганини тушунишмаса... Мана, гапнинг таги қаерда. Бу билан ўзбек кино санъати узоққа борармиди...

Мавзу сериаллар ва кино ҳақида борар экан, “Севимли” телеканалида яқин кунлардан намойиш этилишни бошлаган “Тузоқ” сериали ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтишни жоиз топдим. Ҳақиқатан, мақташга арзигулик ўзбек сериали бўлибди. Сценарий муаллифи профессионал эканлиги кўриниб турибди. Унда ҳам ортиқча кадр йўқ, ҳисоби. Мавзуга чуқур ёндошилган ва томошабинни ўша мавзу ортидан қизиқтира олган. Ўзбек санъати мана шу каби сифатли сериал ва кинолар билан бойиб бориши керак.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+