Янгиликлар 1325
“Мақсадларим томон олға бораман”
Хоразм вилоят бандлик бош бошқармасида партиянинг вилоят Кенгаши ташаббуси билан партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Обод Ватан фарзандиман” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатни вилоят Кенгаши раиси Тоҳиржон Палванов кириш сўзи билан очиб берар экан, “Адолат” СДП томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор натижасида ёш адолатчилар сони тобора ортиб бораётгани, улар олий ўқув юртларида ва турли соҳаларда тинимсиз меҳнат ва изланишлари билан юртимиз истиқболига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани тўғрисида эътироф этди.
Шунингдек, Гурлан туманидаги 33-сон умумтаълим мактабининг немис ва инглиз тили ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси, “Адолат дўпписи” соҳибаси, ёш адолатчимиз Ўғилнур Атаеванинг Туркия давлатининг Истамбул шаҳрида бўлиб ўтган танловда ғолибликни қўлга киритиб, "KİBATEK" халқаро мукофоти билан тақдирлангани ва бошқа эришган ютуқлари тўғрисида сўз юритилди.
Ўғилнур Атаева, ёш адолатчи:
-Туркия давлатидаги танловда ғолиб бўлганимдаги қувончимни ҳеч нарса билан изоҳлаб бўлмайди. Кўз олдимда фақат Ўзбекистоним, партиям, оилам гавдаланди. Туркияда туриб, Ватанимга қайтгач, барча қувончу шодликларимни партиядошларим билан бўлишаман, деган мақсадни қўйдим ва бугун ушбу ниятим амалга ошди. Менга ҳар доим ишонч, шижоат бағишлаб турган партия Сиёсий Кенгаши ҳамда Хоразм вилоят Кенгашида фаолият олиб бораётган устозларимга ташаккур билдираман. Орқамда Ватаним, партиям бор экан, ҳали забт этишим керак бўлган марра ва мақсадларим томон олға бораман.
Ёш адолатчимизнинг, юрагидан жўш уриб отилаётган юрак сўзлари ҳар бир иштирокчининг диққат-марказидан жой олмасдан қўймади.
Сафимизда шундай юрагида ўти бор ёшларимиз бор экан, юртимиз келажаги буюк эканига яна бир бора ишонч ҳосил қилдик.
Шундан сўнг, партия фаоллари сўзга чиқиб, ёш адолатчимизга эзгу-тилаклар билдиришди. Вилоят Кенгаши раиси Т.Палванов Ў.Атаевага партиянинг ташаккурномасини тантанали топширди.
Ўғилнур Атаева эса вилоят Кенгашига ўзи муаллифлигидаги китоблар жамланмасини совға қилди.
Савол-жавоб ва фикр-мулоҳазаларга бой бўлган учрашув самарали кечди.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг