Хоразмнинг мард ва жасур ўғлонлари ёд этилди

10.05.2022 10:05:46

Аввал хабар берганимиздек, 9 – май –Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ҳамда Ўзбекистон "ВЕТЕРАН" жангчи-фахрийлари ва ногиронлари вилоят бўлими, Хоразм телерадиокомпанияси  билан ҳамкорликда “Жангчи-фахрийлар партия эътиборида” шиори остида Афғонистондаги жангларда ҳалок бўлган ва  урушда иштирок этиб, ногирон бўлиб қайтган жангчи-фахрийлар хонадонларига ташриф буюрилди ва уларнинг ҳолидан хабар олинди. Дилдан суҳбатлар ташкил этилиб, тинч ва осуда ҳаётимизни қадрига етиш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси инсон қадри учун экани хусусида фикрлар алмашилди ва эсдалик совғалари ҳамда  озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Хоразм 1_1

Жумладан Гурлан туман “Тахта кўпир” маҳалласида яшаб “Афғонистон” жанггоҳида икки оёғи ва қўлидан ажралиб, майиб-мажруҳ бўлиб она Ватанига қайтган, эндигина фарзандлар камолини кўраман деганида оғир касаллик билан бу оламни тарк этган марҳум Гулмирза Ширановнинг оила-аъзолари ҳолидан хабар олинди ва  моддий ҳам маънавий ёрдам кўрсатилди. 

Фаоллар Шовот туман “Оқ олтин” маҳалласида яшовчи, биринчи гуруҳ ногирони, партия фахрийси, жангчи-фахрий Жумабой Бекчановнинг хонадонида бўлиб, урушнинг заҳматли кунларини ёд олишди. Тинч ва осуда ҳаётимизга шукроналар келтиришди.

Шовот туман “Туркистон” маҳалласида яшовчи Хосият она Нурметованинг жангоҳда соғлиғидан айрилиб, бу дунёдан бевақт кўз юмган ўғли, жангчи-фахрий Олимжон Ибадуллаевнинг ёрқин хотираси  ёд этилди.

хоразм 3

Шунингдек, қўшкўпирлик Ибрагим Машариповнинг, жангоҳда иккала оёғидан айрилиб, ҳозирда тинч ва осуда ҳаётда умргузаронлик қилаётган  хивалик  Одилбек Отажоновнинг, 30 йилдан зиёд ўғлининг  доғи билан яшаётган хивалик Қуранбой ота Ниязметовнинг  хонадонида бўлиб, Афғонистон  урушида ҳалок бўлган ўғли Рустам Ниязметовнинг болалик чоғлари, ушалмаган орзулари тўғрисида суҳбатлашилди.

хоразм4_1

Ҳар сафар  сафаримиз чоғида,   ўнлаб хонадонларга кириб борар эканмиз Афғонистон уруши   ўзбек йигитларининг  умрига завол бўлганидан юрагингни ғам босади. Ўз Ватанида тинчлик, омонлик, осуда ва гўзал  ҳаёт давом этаётган бир пайтда,   ўзга юртнинг тақдири учун жон фидо қилган ёки  майиб-мажруҳ бўлиб  қайтган жангчи-фахрийларнинг  бу ҳаётнинг синовларига мардонавор тик боқаётганига таъзим бажо келтирасан. Аммо,  умр бўйи фарзанд доғи билан яшаётган ёки соғлигини бир умрга йўқотиб, мажруҳ бўлиб қолган дилларга буткул даво топишни  иложи йўқлигидан эса қалбинг  озор тортади.  

 Замира АБДУЛЛАЕВА “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+