Янгиликлар 1893
Мардлик – мангулик
Бу воқеа яқинда, Хотира ва қадрлаш куни арафасида рўй берди. Норин туманидаги 12-умумтаълим мактабида шу билим масканида таълим-тарбия олган жасур чегарачи Шокиржон Йигиталиевга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Сўзга чиққан устозлар, тенгдошлар, бошқа ҳамқишлоқлар ҳақиқий Ватан ҳимоячисининг энг яхши фазилатларини тилга олишди. Унинг юрт сарҳадларини қўриқлашдаги жасорати ҳеч қачон унутилмаслигини изҳор этдилар.
Тантанали тадбир якунида мактаб ҳовлисида давлат чегарасини қўриқлашда қаҳрамонлик кўрсатиб ҳалок бўлган Ш. Йигиталиевнинг бюсти очилди. Ёдгорлик тезда алвон ва анвойи гулларга бурканди. Шундан бери ҳар куни мактаб жамоаси вакиллари, ҳамқишлоқлар мард юртдошлари хотирасига ҳурмат бажо келтиришни одат қилдилар.
– Бу хайрли ишга партиядошларимиз ҳам катта ҳисса қўшдилар, - дейди “Адолат” СДП Норин туман кенгаши раиси Носиржон Ҳасанов. – Юқорида тилга олинган ҳодиса ўтган йили сентябрда мамлакатимизнинг жанубий чегараси ҳудудида юз берганди. Биз ўшандаёқ мактаб жамоаси вакиллари билан учрашиб, жасур зобитнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида фикрлашгандик. Кўпчилик мактаб ҳовлисида унинг бюстини ўрнатиш таклифини маъқуллади. Бу, ўқувчиларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этиши ҳам ҳисобга олинди.
Шуни айтиш керакки, Шокиржон мактабда ўқиган йиллари аълочи ўқувчилардан бўлган. Ҳарбий хизматчи бўлишни болалигидан орзу қилган. Жисмоний тарбия билан ҳам астойдил шуғулланган. Намангандаги Олимпия захиралари коллежида таҳсил олган. Кейин эса бутун умрини ҳарбий ишга бағишлашга қарор берган. Муддатли ҳарбий хизматни ўтагач, Қуролли Кучлар академиясида таҳсил олди. Термиз шаҳридаги чегара қўшинлари қисмида взвод командири сифатида хизмат бошлаган эди.
Тўғри, энди у орамизда йўқ. Аммо Шокиржон кўрсатган жасорат ҳеч қачон унутилмайди. Чунки мардлик – мангуликдир.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Адолат” СДП Наманган вилоят
Кенгаши матбуот котиби.
Фикрингизни қолдиринг