Маърифат нурини таратувчи сиймолар

01.10.2020 18:10:25

 

Юртимизда таълим тизимидаги ислоҳотлар натижасида таълим фидойиларининг жамиятдаги мавқеини ошириш борасида туб бурилиш бўлди .Сир эмас, яқин-яқингача улар мажбурий меҳнатдан жабр кўриб келишар эди. Бугунги кунда мазкур “амалиёт”дан буткул воз кечилди.

Бугун, пойтахтимизда бўлиб ўтган 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, илк бор шахсан давлат раҳбарининг ўзи фидойи касб эгаларига тадбирк йўллагани бу – таълим ва тарбия масаласи алоҳида устувор йўналиш даражасига кўтарилганининг яққол далили. Юртбошимизнинг “Биз ҳар биримиз ҳаётда қандай муваффақият ва натижаларга эришган бўлсак, бу ютуқларда сизларнинг беқиёс ҳиссангиз борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз”, дея таъкидлагани ҳам бежиз эмас.

Дарҳақиқат, инсон тарбиясида, камолотида устозларнинг буюк хизматлари бор. Бу йилги пандемия билан боғлиқ қийин шароитда ҳам жонкуяр ўқитувчилар ўз ишини давом эттирмоқда. Аксарият мактабларда янги ўқув йили бошланди. “Онлайн мактаб” лойиҳаси ва масофавий таълим йўлга қўйилди. Таъбир жоиз бўлса, бугун ўқитувчилар иккита фронтда кураш олиб бормоқда.

Байрам муносабати билан халқимизнинг озодлиги ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатиб, миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшган Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирлангани зиёли қатламнинг руҳини яна бир бор кўтарди.

 Дарҳақиқат, ўқитувчилик ўта масъулиятли касб. Ушба масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган, бу йўлда ўзини аямасдан меҳнат қилаётган фидойи ўқитувчилар ва мураббийларнинг заҳмати ҳар қанча мақтовга лойиқ.

Албатта, илм маскани ва илм, маърифат нурини тарқатувчи устозларни азал-азалдан халқимиз ўзгача ҳурмат билан қадрлаб келган. Ҳадислардан бирида “Ҳаттоки инидаги чумоли, денгиздаги балиқ ҳам яхшилик ўргатувчи кишига саловат айтиб туради”, деб марҳамат қилгани устозликнинг нечоғлик улуғ эканлигини яна бир бор ифодалайди.

Устозларни қанча эъзозласак, уларнинг жамиятдаги мавқеини оширсак, ёшларнинг қалбида уларга  нисбатан ҳавас уйғотолсак, илмдан қанча кўп фойдалансак маънавиятимиз, тараққиёт шу даражада ривожланади.

Барча устозларни улуғ айём билан қизғин табриклайман!

 Сизларни, фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасидаги бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишонамиз.

Сизларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

Рустам ХАЙИТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Навоий вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+