Янгиликлар 2108
Марказий ва Жанубий Осиё муносабатларидаги янги давр
Ўзбекистон тараққиётнинг янги даврида мамлакатлараро дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш, тинчлик, ҳамкорлик, иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда устувор ташқи сиёсат олиб бормоқда. Бу борада залворли, кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Юртимизнинг қўшни давлатлар билан дўстлик ришталари яхшиланиб, ҳамкорлик алоқалари янада кенгаймоқда.
...Шу кунларда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция кўтаринки руҳда ўтмоқда. Ушбу форумда 40 та мамлакатдан 250 дан ортиқ етук сиёсатчи бевосита, хорижлик 600 дан зиёд экспертнинг катта қизиқиш билан онлайн шаклида иштирок этаётгани халқаро анжуманнинг нуфузи юқорилигидан дарак беради. Форумда минтақавий таҳдидларга барҳам бериш, Афғонистондаги беқарор вазиятни сиёсий мулоқот ва тинчлик йўли билан ҳал қилиш, иқтисодий, маданий ҳамкорликни, мамлакатлараро транспорт йўлагининг барпо этилиши ва улардан кутилаётган натижалар қатнашчиларнинг муҳокамалари марказида бўлди.
Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини, хусусан, савдо-иқтисодий ва маданий-цивилизацион салоҳиятларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун бир қатор таклифларни илгари сурди. Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан ташаббус қилинган ва кўплаб мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланган “Термиз – Мозори Шариф — Кобул — Пешовар” темир йўли қурилиши муҳим аҳамиятга эгадир. Ушбу иншоот ҳар икки минтақа давлатларининг иқтисодий ўсишини таъминлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур пўлат изларининг ётқизилиши ҳудудлараро халқаро транзит салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш, Жанубий Осиё ва Европа мамлакатлари ўртасида Марказий Осиё ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги йўналиши орқали ўтадиган энг қисқа йўлни очиш, шу билан бирга, юкларнинг туриб қолиши ва ташиш муддатларини сезиларли даражада қисқартиришга хизмат қилади.
Форум доирасида чет давлатлар билан Ўзбекистоннинг ҳамкорлик масалаларидаги учрашувлари ташкиллаштирилиб, уларда тенг манфаатли келишувларга эришилаётганлиги мамлакатимизнинг ташқи сиёсатида ишончли шерикларни кашф этишга кенг йўл очади. .
Бир сўз билан айтганда, Президентимиз ташаббуси билан бўлиб ўтган ушбу халқаро конференция нафақат Марказий ва Жанубий Осиё балки, бутун дунё мамлакатлари ўртасида кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Зуҳра ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси раҳбари
Фикрингизни қолдиринг