Машварат: мақсад – одамларни рози қилиш

15.02.2021 15:02:25

Буюк соҳибқирон Амир Темур: “Маслаҳатчилар ва кенгаш аҳли йиғилганда, олдимиздаги ишларнинг яхши-ёмон, фойда-ю зиён томонлари, уларни амалга ошириш, оширмаслик хақида сўз очиб, (улардан) фикр сўрар эдим. Сўзларини эшитгач, ишнинг ҳар икки томонини мушоҳада қилиб, фойда-зиёнларини кўнглимдан кечирардим...”

Президент Шавкат Мирзиёевнинг партия йўлбошчилари билан ўтказган машваратида иштирок этиб, ҳар қандай муаммонинг ечими – маслаҳат, кенгаш, очиқ мулоқот ва машваратда эканлигига амин бўлдим. Қарийб олти соат давом этган самимий мулоқот давомида мамлакатимизда адолат ва ҳақиқат йўлида ташланаётган ҳар бир қадам таҳлил қилинди.

Сиёсий партияларнинг давлат ва жамиятни ривожлантириш йўлидаги фаолиятига назар ташланди. Халқнинг дард-у ташвишларига, орзу-ниятларига қулоқ тутиш, одамларни рози қилиш, юрт фаровонлиги йўлида сафарбарлик жиловини маҳкам тутиш, хусусан, халқ вакиллари мақомида бўлган депутатларнинг фаоллигини янада ошириш, маҳаллабай ва фуқаробай ишлаш тизимини жорий этиш ва ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Дарҳақиқат, бугун халқимиз кечаги кун билан эмас, эртанги кун билан яшамоқда. Бас, шундай экан, бугунги кун сиёсатчилари мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг нафақат фаол ижрочилари, балки ташаббускорлари, ғоядорлари қаторида пешқадам бўлмоғи лозим.

Бунинг учун биз одамлар ичига янада чуқурроқ киришимиз, ҳар бир маҳалланинг, ҳар бир фуқаронинг дарду ташвишига, қайғусига шерик бўлишимиз, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш чораларини кўришимиз, халқимизга манфаат келтирадиган янги-янги ғояларни, ташаббусларни илгари суришимиз шарт. Зеро, ҳар бир одам давлат ва жамият муҳофазасида эканлигини, сиёсий партиялар томошабин эмас, дахлдор эканлигини ҳис этиб яшасин.

Очиғи, партиянинг сайловолди дастури – унинг лабзи, нуфузи, ваъдаи-аъмоли, бир сўз билан айтганда, мавқеини белгилайди. Баъзи бировларнинг айрим сиёсий партияларга қарата “сўзи бошқа, ўзи бошқа”, “аҳди ёлғон, фикри нимжон” каби ибораларни ҳафсаласи пир бўлиб ишлатиши ҳам сир эмас. Шу жиҳатдан Президентимизнинг ҳар жабҳада сўз ва иш бирлигига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги ҳақидаги кўрсатмалари халқимизнинг кўнглидаги гап бўлди.

Тарихий хотирасиз келажак йўқ деганларидек, бугун кечаги куннинг таҳдид ва босимларидан, тўсиқ ва чекловларидан руҳан ва жисмонан холи, имконият ва изн муҳитидан баҳраманд эканимиз бор ҳақиқат-ку!

Ҳа, ҳар доим ёши улуғларимиз дуога қўл очганларида, аввало, тинчлик-хотиржамлик сўрашининг ҳам сир-сабаби бор. Бу сир ҳаётнинг мазмунини белгилайди. Агар одам тинч-хотиржам бўлмаса, унга ҳеч нарса татимайди. Гўёки бўрининг яқинида боқилган қўй қанча ем-емиш берилсада, семирмаганидек. Чунки, бўридан қўрққан қўйнинг хотиржамлиги бўлмайди. Ана шу халқимиз истайдиган тинчлик-хотиржамлик бугунги сиёсатнинг муҳим шартларидан бирига айланди. Бир мисол, виждон эркинлиги халқимизнинг нафақат собиқ шўролар тузуми йилларида, яқин ўтмишимизда ҳам ушалмас орзуси эди. Шу сабабли ҳам ҳар бир юртдошимиз хонадонида қўрқув, ҳадик ва хавотир ҳукмронлик қиларди. Қуръон ва Ҳадис илми бўйича ўтказилган мусобақанинг ўзиёқ халқимизни қўрқув ва гумонлардан халос этди, кўнглига ишонч уруғини сепди.

Кези келганида шуни ҳам эслаш жоиз-ки, тўй-маракаларда, одамлар орасида бўлганимизда бир мамлакатнинг ичида юрган йўловчи юртдошимиз ёки меҳмонимиз ҳар бир ДАН постида тўхтатилиб, қанча асаббузарликларга дуч келганлиги ҳақидаги дардларини айтиб, “тўхтатмаса ҳам бўларканку”, деган миннатдор гапларини кўп эшитамиз.

Бинобарин, бугунги ислоҳотлар халқ манфаатларига, унинг фаровон ва эмин-эркин турмушига, демократик тамойиллар асосида қўрқинч ва хавотирсиз ҳаёт кечиришига мувофиқлаштирилган. Ҳазрат Алишер Навоий “Одами эрсанг демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами”, - деганларидек, халқ манфаатлари йўлида бирлашиш, меҳнат қилиш, оғишмаслик, қатъиятлилик, якдиллик, ҳамжиҳатлик, алал-оқибат, одамларни фаровонлик неъмати билан баҳраманд этиш – миллатнинг хотирасида муҳрланиши аниқ, шу йўлда қайғурганларнинг эзгу амаллари эса авлодлар томонидан доимо эсланиши, шак-шубҳасиз!

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ислоҳотларнинг залворли юки бугун ҳар бир соҳада янгича ёндашувни, инновацион мушоҳадани талаб этмоқдаки, бу борада, айниқса, ёшлар эртанги кун ва келажакнинг фаол ва онгли қурувчилари сифатида илғор сафларга келиб қўшилиши даврнинг ўта муҳим талабидир. Давлатимиз раҳбари “Ёшлар Ўзбекистоннинг бебаҳо бойлиги”, деган шиорни ўртага ташлар экан, бунда ҳар бир ёш жамиятнинг муҳим бўғини, бўлғуси оила бошлиғи, фарзандларнинг ота-онаси, келажак пойдеворинг бунёдкори дея алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ҳа, 2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб номланиши бежиз эмас. Дарҳақиқат, ёшлар масаласи – келажак масаласи. Буюк мутафаккир Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир” деган хулосаси, асл ҳақиқатдир. Шундай экан, биз сиёсий партиялар вакилларидан бу борада янада масъулият ва ҳушёрлик талаб қилинади.

Хавотир нимада-ю мақсад нима? Эртанги кунимизнинг ҳал қилувчиларининг тарбияси. Ёшлар тарбиясида бўшлиққа ўрин қолдирмаслик, “оммавий маданият” ёки ношукрчилик, нонкўрлик, орқадан пичоқ санчиш каби кенг тарқалган иллатлардан ёш авлодни асраш. Янги Ўзбекистоннинг янги авлодини турли кўриниш ва мазмундаги ёт унсурлардан ҳимоя қилиш, узоқлардан бизга пинҳона тош отишни касб қилган Она, Она Ватан, Она Ер, Она тупроқ каби туйғулардан йироқ кўрнамак ватанфурушларга, жаҳолат навкарларига қарши маърифат қўрғонини яратиш.

Ҳеч кимга сир эмас-ки бугун бирон бир ватандошимиз ижтимоий тармоқларда кўпчилик манфаатини ёки давлат ёхуд жамият манфаатини кўзлаб ўз фикрини баён этса, ўша масаланинг мазмун-моҳиятини тушунмаган юзлаб одамлар соғлом фикрларни яллиғлантириш учун қасддан қарши фикрлар билдирмоқда, ҳатто жамият одобига мутлоқо тўғри келмайдиган уятли сўзлар билан сўкинмоқда ҳам. Минг афсуски, шундай вазиятларда томошабин бўлишдан нарига ўтолмаяпмиз. Нега улар бизнинг устимиздан ҳукмронлик қилиши керак? Нега улар ўз жаҳолатини одамлар устига сочиши керак? Қани бугун шу жойларда “Ёш адолатчилар” қанотининг гуркираган адолатли, маърифатли овози? Нега “Аёллар қаноти” бонг урмаяпти? Нега она деган муқаддас тушунчанинг асл моҳиятини тушунтириб бермаяпмиз? Энди, мана шу саволларга жавоб топиш ҳаммамиз, барча партия фаоллари учун ҳаётий заруратга айланмоғи керак.

Хўш, нималарга эътибор қаратиш зарур? Ёш ўғил-қизларимизга бегона кўз билан қарашга, бу меники эмас, менинг вазифамга кирмайди, дейишга ҳаққимиз бор-ми?!

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ёшларнинг онгини ижтимоий тармоқлар орқали турли тажовуз ва заҳарли фикрлардан, урф-одат ва қадриятларимизга, миллий маданиятимиз ва ота-боболар ўгитларига зид бўлган ахборотлардан ҳимоя қилишимиз, уларга оқ билан қорани танитишимиз даркор.

Демак, бунинг олдини олиш учун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ўғил-қизларларимизни хабардор қилиш, мамлакат ривожидаги ўзгариш ва ютуқларни қиёслаб бериш, айниқса, ёшларга бўлган ғамхўрликни кўрсатиб берувчи тарғиботчиларга айланишимиз зарур.

Шунингдек, ёш авлоднинг болалик йилларини самарали ташкил этиш, илғор хорижий ва айнан бизнинг минталитетимизга мос ва хос бўлган тажриба асосида “Миллий ўқув дастури” ва унга мувофиқ дарсликларнинг мазмуни хусусида асослантирилган таклифлар киритиш, таълим-тарбия ҳамда дарсликлар сифати бўйича халқ таълими тизимининг бу борадаги фаолияти юзасидан доимий депутатлик ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш жоиз.

Халқимизда “Катта карвон қаердан юрса, кичик карвон ҳам ўша йўлдан юради” деган ҳикмат бор. Биз эл-юрт фарзандларини ватанпарварлик ва миллатпарварликка, меҳнатсеварликка, ҳалоллик ва ҳамжиҳатликка ўргатишимиз, ортимиздан эргаштиришимиз, тўғри ва адолатли йўлга бошлашимиз муҳим. Бунинг учун ёшларимизга ўрнак бўладиган ўз кучи, меҳнати, билими, иқтидори, салоҳияти туфайли эришган ютуқларини тарғиб этувчи замонамиз қаҳрамонлари – катта авлод вакиллари образларини яратишимиз ҳам бугуннинг долзарб масалаларидандир.

Ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш, уларнинг радикаллашувининг олдини олиш, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш мақсадида мамлакатнинг Миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳам устувор масалалар қаторига киради.

Сиёсий партия — халқнинг манфаатларини ифодаловчи сиёсий куч. Бинобарин, ҳар қандай сиёсий партия ўзига бўлган ишончни, куч-қувватни халқ ичидан олади. Халқ эса, ўз навбатида, халқчил, самарадор ва мақбул ғояларни илгари сураётган сиёсий партияларга эргашади, таянади. Биз халқимизнинг ишончини оқлаб, берган ваъдаларимизнинг ижобати билан эл-юрт корига ярашимиз зарур. Ёш авлод онгига Янги Ўзбекистон мафкурасига зид унсурларни киритишга ҳаракат қилувчи бузғунчилар эса Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг асрлар оша яшаб келаётган қуйидаги сатрларини ўқиб, хулоса қилсин:

Ҳар кимки вафо қилса вафо топгусидур,
Ҳар кимки жафо қилса жафо топгусидур
Яхши киши ёмонлиғ кўрмагай ҳаргиз,
Ҳар кимки ёмон бўлса жазо топгусидур.

Абдукамол РАХМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+